Ҳар бир халқ қонида миллий мафкуранинг илк илдизлари яшайди. Эл-у халқни бир байроқ остида бирлаштирадиган ғоя эса ана шу жон томирлардан озиқланади. 

Миллий тафаккур тирик экан, жамиятда олдинга силжиш, ўзаро бирдамлик, муштарак мақсад йўлида адолатли кураш ҳам бўлади. Чунки умуммиллий мафкурагина жамият аъзоларини бирлаштириш вазифасини бажариши аллақачон ўз исботини топган.

Шу жиҳатдан олиб қараганда, бугун Ўзбекистон уйғониш остонасида турибди. Ортга назар ташлайдиган бўлсак, мустақиллик ғояси, миллий мафкура бизга тоғдек таянч бўлди. Халқимиз ўзининг асрий орзусига эришгач, энди ўзининг мустақил тараққиёт йўлини белгилаб олиши ўта муҳим ижтимоий-сиёсий, ўз навбатида маънавий заруратга айланди. 

Бироқ қанчалик аччиқ бўлмасин, халқимиз узоқ йиллар фақат баландпарвоз шиорлардан иборат ғоявий ҳаётни ҳам яшаб ўтди. Биз бонг урган бахтли ва фаровон жамият ҳақидаги орзуларнинг кўпи муаллақ қолган эди. Пировардида Истиқлолга етиб, буюк довондан ўтган халқ учун янги ва муносиб ғоя жуда зарур эканлиги ойдинлашди. 

Президент Шавкат Мирзиёев етакчилигида “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган даъваткор ғоя ҳаётимизга тобора чуқур кириб бораётгани, айни шу асосда халқимиз ҳаётини тубдан яхшилаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонун устуворлиги ва ижтимоий адолатни таъминлаш, инновацион тараққиёт борасида муҳим қадамларни ташлаганимиз том маънода эътирофга арзигуликдир. Энг муҳими, кенг жамоатчилик, эл-юртимиз барча ижобий ўзгаришларнинг ташаббускори ва бунёдкорига айланмоқда. Президент урғу берганидек, "Мамлакатимиз фуқаролари қаерда бўлмасин, давлат ҳимоясида эканини, қонун ва адолат кучини ҳис этиб яшамоқда. Бугун бир ҳақиқатни қатъий ишонч билан айтиш мумкин: дунёда турли хавф-хатарлар, манфаатлар тўқнашуви кучайиб бораётган ҳозирги таҳликали вазиятда Ўзбекистонда шаклланган янги тизим ўзини тўла оқламоқда".

Шу ўринда савол туғилади: давлат раҳбари янги Ўзбекистоннинг бугуни ва эртанги истиқболини таъминлайдиган, халқимизни биргаликда, енгилмас куч бўлиб меҳнат қилишга, ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси билан яшашга даъват этувчи тамойил сифатида нега айнан “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” ғоясини ўртага ташламоқда? Ушбу серқирра ва мазмун-моҳияти ғоят улкан бўлган ғоянинг амалий қиёфаси нималарда гавдаланмоқда? 

Аввало, бевосита ёш авлод билан ишловчи таълим тизими масъули сифатида айтишим керак, биз бу улуғвор ғоянинг амалий ифодасини ёш авлоднинг таълим-тарбияси, тафаккурини юксалтириш йўлидаги муҳим ташаббус ва ислоҳотларда аниқ кўра олдик. Болаларимизнинг боғча ёшиданоқ илмга, касб-ҳунарга рағбатини уйғотиш, миллий қадриятларга ҳурматини оширишга муҳим вазифа сифатида қаралди. Учинчи Ренессанс пойдеворини яратувчи олтин ҳалқалардан бири бўлган олий таълим тизими миллий ва халқаро мезонларни ўзида мужассам этган янгиланиш ва ўзгаришлар билан ислоҳ қилинди. Ўғил-қизларнинг истеъдод ва қобилияти, эзгу интилишларини тўлиқ рўёбга чиқариш, ижтимоий фаоллигини ошириш, ҳаётда муносиб ўрин эгаллашлари учун барча имкониятларни яратиб бериш давлатимизнинг бош мақсадига айланди. Айниқса, таълимнинг барча бўғинларига замонавий илм-фан ва инновация ютуқларини кенг жорий этишга қаратилган саъй-ҳаракатлар муносиб самара бераётир.