Маълумки, 2023 йил 23 декабрда давлат раҳбари раислигида маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида маънавий-маърифий йўналишда муҳим вазифалар белгилаб олинган эди. Бугун олий таълим муассасаларида ушбу топшириқлар ижросига янгича ёндашувлар асосида киришилгани ижобий натижа бермоқда.

Жумладан, мазкур соҳадаги ишларни самарали йўлга қўйиш мақсадида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан Фарғона давлат университетида олий таълим муассасалари ректорлари учун "Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш - бош мақсадимиз" ҳамда Фарғона политехника институтида "Ўзбекистонда илғор муҳандислик мактаблари: концепция ва истиқболлари" мавзуларида ўқув-семинари ўтказилди.

Семинар аввалида Фарғона давлат университети Педагогика ва психология факультети янги ўқув биносининг очилиш маросими ўтказилди. Унда Фарғона вилояти ҳокими, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири, республиканинг барча давлат олий таълим муассасалари раҳбарлари, илм аҳли ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Айтиш керакки, семинарга мезбонлик қилаётган Фарғона давлат университети ўзининг салкам бир асрлик маҳорати билан ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва маънавий-маърифий фаолиятда катта тажриба мактабини яратган. Бунинг самараси - олийгоҳдан етишиб чиқаётган республика ва халқаро танловлар ғолиблари, кўплаб давлат стипендиялари соҳиблари, чемпион талабалар, давлат ва жамият бошқарувида муносиб ўринга эга кадрлар, илмий тадқиқотлар яратаётган ёшлар натижаларида акс этмоқда.

Меҳмонлар бу масканда талабаларга яратилган қулай шарт-шароитлар, маънавият саройи, замонавий аудиториялар, анжуманлар заллари, ўқув хоналари, илмий кафедралар, медиа марказ, кутубхона, овқатланиш, дам олиш, ахборот-ресурслари масканлари билан яқиндан танишдилар.

Дунё стандартларига мос равишда қурилган, замонавий технологиялар билан жиҳозланган мазкур ўқув бино дизайнига инновацион ёндашилгани ҳар бир деталда ўз аксини топган ва бу иштирокчилар эътирофига сазовор бўлди.

Шу билан бирга бинода миллий қадриятларимиз уйғунлиги, миллат қаҳрамонлари, адабиёт намоёндалари, жадидчилик ҳаракати етакчилари сиймоси акс этганлиги - талаба-ёшлар қалбида ватанпарварлик, юртга садоқат, фидоийлик, жасорат, Ватанга муҳаббат, аждодларга эҳтиром туйғуларини янада оширади.