15:30 / 28.09.2021
25805

Ўзбекистонда Chevrolet Onix ва Tracker ишлаб чиқариш учун қарийб 428 млн доллар ажратилади

«Ўзавтосаноат»га янги қуриш ва модернизация ишлари учун 648,4 млн доллар ажратилади. Бу ҳақда 2022−2024 йилларда Ўзбекистоннинг инвестиция дастури тўғрисидаги президент қарори лойиҳасида келтирилган.

Президентнинг «2022–2024 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Лойиҳага кўра «Ўзавтосаноат» томонидан Асака шаҳрида Chevrolet Onix ва Tracker русумидаги автомашиналарни ишлаб чиқариш учун 427,7 млн доллар миқдорида маблағлар жалб қилиниши режалаштирилган. Ушбу лойиҳа 2022 йилнинг якунига қадар ишга туширилиши кутилмоқда ва йилига 190 минг дона автомобил ишлаб чиқаришга мўлжалланган. 

Бундан ташқари, «СамАвто»да ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун 30 млн доллар миқдоридаги маблағ сарфланади ва йилига ишлаб чиқариш ҳажмини 6000 донага етказиш кўзда тутилган.

Шунингдек, Зангиотадаги «UzAutoMotors Powertrain» заводида модернизация ва реконструкция ишлари амалга оширилади ва янги русумдаги автомобиллар учун йилига 185 мингта двигатель ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши режа қилинган. Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун 2020−2023 йилларда 190,8 млн доллар миқдорида маблағ ажратилади.

Умумий ҳисобда «Ўзавтосаноат» АЖга қарашли тармоқларда янги қуриш ва модернизация ишлари учун 648,4 млн доллар маблағ ажратилиши белгиланган.

Аввалроқ, 2022 йилнинг кузида Chevrolet Onix автомобилларини ишлаб чиқариш бошланиши кутилаётгани хабар қилинганди. Февраль ойида Ўзбекистонга синов учун Chevrolet Onixʼнинг бир неча намунаси олиб келинган ва UzAutoMotors’нинг баёнотида айтилишича, ушбу намуналар маҳаллий иқлим шароитларида синаш ва салоҳиятли харидорларнинг фикрини ўрганиш мақсадида харид қилинган.

Жорий йилнинг 25 январь кунидан бошлаб янги авлоддаги Tracker ишлаб чиқариш йўлга қўйилганди.

Маълумот учун, жорий йилда Ўзбекистонда автомобиль ишлаб чиқариш ҳажми кескин даражада камайди. Бу эса автомобиль харид қилишда узун навбатлар юзага келишига сабаб бўлмоқда. UzAutoMotors расмийлари бу ҳолатни бутун дунё бўйлаб кузатилаётган яримўтказгичлар танқислиги билан изоҳлаган. Фақатгина бутловчи қисмларининг аксари маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан етказиб бериладиган «Дамас» ва «Лабо» автомобилларини етказиб бериш ҳажми ортган.

Тошкентда автосаноат монополияси ва узун навбатларга бағишланган стрит-арт

4 сентябрь куни Тошкентда «UzAuto Motors» компаниясининг монополияси ва бунинг ортидан автомобиллар учун пайдо бўлаётган узундан узун навбатларга бағишланган кўча суратлари пайдо бўлди.

Суратлар орқали муаллиф автосалонларда машина харид қилиш учун навбатда турганлар дуч келадиган яна бир муаммо «шапка» тизимини қизғиш бош кийими тимсолида эслатиб ўтган.

Кейинроқ бу стрит-арт икки уринишда ўчириб юборилганди.

Top