Жамият | 15:21 / 29.09.2021
5713
4 дақиқада ўқилади

Сенатда мактаб ўқувчиларига дарсликлар, мебел ва жиҳозлар ўз вақтида етиб бормаётгани танқид қилинди

Сенаторлар янги ўқув йилида 1-синфлар учун президент совғалари, дарсликлар ва жиҳозлар етказиб берилмагани юзасидан Халқ таълими вазирлигидан изоҳ сўрашди.

Сенатнинг 19-ялпи мажлисида сенатор Манзура Салимова халқ таълими тизимида дарсликлар етказиб берилиши муаммога айлангани ҳақида гапирди.

“Мактабларга етказиб бериладиган ўқув дарсликлари етишмовчилиги муаммоси кузатиляпти. Мисол учун: бошланган янги ўқув йилида Қашқадарё вилоятидаги умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг 46 фоизи дарслик билан таъминланган.

Фарғона вилоятида 2021-2022 ўқув йилида таълим ўзбек тилида олиб бориладиган умумтаълим мактабларида 5-синфдаги 468 нафар ўқувчилар учун 468 тўпламда дарсликлар етишмаётганлиги аниқланди.

2-синфлар учун жами 767 574 дона (625 586 дона дарсликлар, 141 988 дона машқ дафтарлари) дарсликларга буюртма берилган. Бироқ, вилоят бўйича 2-синфлар учун 7 хил номдаги 334 966 дона (53,6 фоиз) дарсликлар нашр этилиши кечикканлиги сабабли, умумтаълим мактабларига ўз вақтида етказиб берилмаган.

Вазирликдаги дарсликларга масъул мутасаддилардан сўралганида ҳақиқатан шундай муаммо борлиги, электрон дарсликлар жойларга етказиб берилганлиги ҳақида маълумот берилди. Аммо бу электрон дарсликдан фойдаланиш учун ҳаммада ҳам компьютер ёки чоп этиш учун имконият бўлмаслиги мумкин”, деди сенатор.

Сенатор Абдураҳим Иркаев ҳам мазкур масалада Халқ таълими вазирлигига саволлар билан мурожаат қилди.

“Қашқадарёда 2021-2022 ўқув йилида 1-синфга қабул қилинган 62 минг нафардан ортиқ ўқувчидан 26 минг нафардан ортиғига, яъни вилоятнинг 7та туманига 13 сентябрь ҳолатига кўра президент совғаси етиб бормаган.

2021 йил инвестиция дастури доирасида вилоятдаги 93та мактабни жиҳозлаш кўзда тутилган бўлса, шундан 36та мактабга мебел ва жиҳозлар қисман етказиб берилган. 57та мактаб ҳалигача жиҳозланмаган.

Қашқадарёдаги мактабларни жиҳозлар билан таъминлаш бўйича ўтказилган тендерда Фарғонада фаолият юритадиган корхона ютган. Мактаб учун мебелларни Фарғонадан Қамчиқ довони орқали Қашқадарёга етказиб келишнинг ўзи мебел ва жиҳозлардан ҳам қимматга тушади.

Вазирлик нега шу пайтгача ҳозирлик кўрмади? Бундан ташқари, мактаб дарсликларини етказиб бериш бўйича тендерлар қандай ўтказилмоқда?” деди у.

Маълумот учун, Ўзбекистонда узоқ йиллардан буён 1-синфга борадиган ўқувчилар учун дарсликлар, ўқув қуроллари ва мактаб сумкасидан иборат бўлган президент совғаси берилади.

Аввалроқ, Қашқадарёда 1-синфга борган ўқувчиларнинг ярмидан кўпига президент совғаси берилмагани маълум бўлган ва вилоят ХТБ ушбу муаммо тезда ҳал қилинишини айтган эди.

Халқ таълими вазири ўринбосари Темур Комилов барча дарсликлар ноябрь ойига қадар етказиб берилишини маълум қилганди. Дарсликлар билан боғлиқ муаммолар бошқа ҳудудларда ҳам кузатилган.

“Ишлаб чиқарувчилар томонидан президент совғаларини чоп этиш учун хомашё Хитойдан келтирилади. Божхона ва карантин сабабли уларни олиб келиш кечикди. Шу ҳафта якунига қадар 1-синф ўқувчилари учун президент совғаларидаги камчиликлар етказиб берилади”, деганди вазир ўринбосари.

У тендерлар масаласида ҳам сенаторларнинг таклиф ва тавсиялар инобатга олиниб такомиллаштирилишини айтиб ўтган.

Тартибга биноан, президент совғаси таркибидаги папка, ўқув қуролларини етказиб бериш учун ҳар ўқув йили бошланиши арафасида тендер ўтказилади. Бу тендерни Халқ таълими вазирлиги қошидаги “Ўқув таълим-таъминот” ДУК ўтказади.

Сенат раиси Танзила Норбоева томонидан мазкур масалани чуқур ўрганиш юзасидан топшириқ берилди.

Мавзуга оид