USM Telecom («ЮэСэМ Телеком») ва МегаФон ўзбекистонлик шериклари билан биргаликда Digital Holding қўшма корхонасини тузиш босқичини якунлашди.
«29 сентябрь куни USM Telecom ва МегаФон ўзбекистонлик шериклари билан биргаликда Digital Holding қўшма корхонасинининг тузиш босқичини якунлашди. Ўзбекистон давлат активларини бошқариш агентлигида қўшма корхона тузиш бўйича якуний ҳужжатлар тўплами имзоланди. Digital Holding компаниясига илгари Ucell бош директори лавозимини эгаллаган Владимир Кравченко раҳбарлик қилади.
Digital Holding Марказий Осиёдаги энг йирик телекоммуникация бозорида технологик етакчига айланишни мақсад қилган. Компаниянинг фаолияти Ўзбекистон Республикасида телекоммуникация хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва сифатини яхшилашга, хусусан халқаро стандартларга мос рақамли инфратузилмани шакллантириш, шунингдек маълумотларини сақлаш ва қайта ишлаш, рақамли маркировка ва алоҳида турдаги товарлар ҳаракатини назорат қилишда илғор технологиялар ва тизимларини жорий этишга қаратилган бўлади», дея хабар берди Ucell матбуот хизмати Kun.uz’га.
Қўшма корхона Ucell алоқа операторининг 100 фоиз устав капитали, USM шуъба корхоналари — CRPT Turon ва ICS Holding Uzbekistan’ни ўз ичига олади. Шунингдек, Россия томони Digital Holding компаниясини ривожлантириш учун 100 миллион доллар сармоя киритади. Қўшма корхонанинг 51 фоиз улуши МегаФон ва USM Telecom’нинг қўшма корхонаси ҳисобланган «Digital Invest»га, 49 фоизи эса Ўзбекистон Давлат активларини бошқариш агентлигига тегишли бўлади.
Ucell (COSCOM МЧЖ)нинг янги бош директори лавозимига илгари Россияда МегаФоннинг минтақавий ривожланиш бўйича директори лавозимида ишлаган Андрей Шишковский тайинланди. ICS Holding Uzbekistan компаниясини Андрей Майгур бошқаради. Анатолий Бачикалов CRPT Turon бош директори лавозимини сақлаб қолади.
«Digital Holding» қўшма корхонасининг яратилиши «МегаФон» ОАЖ сингари кучли ўйинчининг бозорга келиши илғор технологик ечимлар жорий этилишига хизмат қилади. Мамлакат раҳбарияти томонидан соҳа олдига иқтисодиёт тармоқлари рақамли трансформацияси, хусусан, мобил алоқани келгусида ривожлантириш бўйича катта вазифалар қўйилган.
Рақамли иқтисодиёт иқтисодий ўсишнинг асосий бошқарувчи кучи сифатида белгиланган. Шунинг учун мобил алоқа ва интернет хизматлари сифатини ошириш, электрон тижорат тизимлари, рақамли хизматлар ва дастурий маҳсулотларни ривожлантиришни жадаллаштириш кўзда тутилмоқда», дейди Ўзбекистон Республикаси бош вазири маслаҳатчиси Олимжон Умаров.
















