“VEON” делегацияси таркибига – ҳолдинг директорлар кенгаши раиси Геннадий Газин, бош ижрочи директор Каан Терзиоглу, ҳолдинг маслаҳатчиси Борис Тадич ва “Beeline Uzbekistan” бош директори Анджей Малиновски кирди.
Делегациянинг Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов билан учрашуви самарали ва мазмунли бўлиб ўтди. Томонлар “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш, IT-тадбиркорликни ривожлантириш, IT-парклар фаолиятини такомиллаштириш, IT-мутахассисларни тайёрлаш, замонавий телекоммуникация инфратузилмасини яратиш доирасида “VEON” компаниялари гуруҳининг рақамли ислоҳотлардаги иштироки масалаларини муҳокама қилдилар. Учрашув иштирокчилари ахборот технологиялари соҳасида ҳамкорлик алоқаларини шакллантириш бўйича барча саъй-ҳаракатларни сафарбар қилишга тайёр эканликларини билдиришди.

“VEON” делегацияси Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов билан учрашувда мамлакатдаги сўнгги ўзгаришлар ҳақида, хусусан, банк ва молия тизимидаги ислоҳотлар, шунингдек, инвестиция муҳитни янада яхшилаш борасидаги ишлар ижобий натижалар бераётганини таъкидлади. Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда тўловларни амалга оширувчи 30 дан ортиқ ташкилот фаолият юритмоқда. Учрашув якунида “VEON” компаниялар гуруҳи вакиллари Ўзбекистонда рақамли иқтисодиёт ва молияни ривожлантиришда иштирок этиш истагини билдиришди.


Бундан ташқари, “VEON” делегация аъзолари Ўзбекистон ҳукумати, халқаро бизнес экспертлари, нодавлат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари билан биргаликда “Ўзбекистон: иқтисодий ислоҳотларнинг ютуқлари ва уларнинг истиқболлари” Тошкент форумининг иштирокчилари бўлишди. Ўтган йиллардаги ислоҳотлар натижалари ва келажак учун истиқболли ғоялар муҳокама қилинди. Минтақавий ҳамкорлик мавзусида мунозара, рақобатбардошликни таъминлашда иқтисодий очиқликнинг ўрни ҳақида суҳбат бўлиб ўтди.


















