Сўнгги вақтларда Ўзбекистонда бензин нархининг ошиб кетаётгани кенг жамоатчилик томонидан турли эътироз ва муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. АИ-91 маркали бензин 8100 сўмгача чиққани эса эътирозларни янада кучайтирди. Хўш, нима сабабдан бензин нархи ошиб кетяпти?

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йилнинг 1 сентябрь ҳолатига кўра, 729,4 минг тонна автомобил бензини ишлаб чиқарилган, қиймати 100 млн долларга тенг бўлган 281,6 млн литр автомобил бензини импорт қилинган. Бензин ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда 5,1 фоизга, уни импорт қилиш эса 3,2 баробарга ошган. Рақамлар шуни кўрсатадики, ўтган йилга нисбатан ишлаб чиқариш ҳам, импорт ҳажми ҳам сезиларли миқдорда кўпайган. Унда нима учун нархлар қимматлашмоқда?

Энергетика вазирлигининг изоҳ беришича, ҳукуматнинг тегишли қарорлари билан 2017 йил 15 ноябрдан бошлаб АИ-92, АИ-93, АИ-95 ва АИ-98 маркали, 2019 йил 15 августдан бошлаб АИ-91 маркали, 2020 йил 1 майдан бошлаб АИ-80 маркали автомобил бензини чакана нархларини давлат томонидан тартибга солиш бекор қилинган ва ушбу маҳсулотларни нефтни қайта ишлаш заводлари томонидан сотиш фақат биржа савдолари орқали амалга оширилиши белгиланган. Бундан келиб чиқадиган хулоса шундай бўладики, жорий нархлар бозордаги эркин талаб ва таклиф қонунияти натижасида шаклланган.

Шунингдек, изоҳда АИ-91, АИ-92, АИ-95 маркали автобензинларнинг асосий ҳажми импорт хомашёсидан ишлаб чиқарилиши ёки тайёр ҳолда бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб жаҳон котировкаларига боғланган ҳолда импорт қилиниши сабаб ушбу маркали автобензинлар нархига жаҳон бозоридаги ҳолат бевосита таъсир ўтказади. Бугунги кунда Brent маркали нефтнинг жаҳон биржаларидаги котировка нархлари ошиб, 1 баррели учун 80-81 долларни ташкил этаётгани, 1 баррел 80 доллар бўлганда, 1 литр юқори октанли (91-95) автобензини ўртача 8 900 сўмни ташкил қилиши айтиб ўтилган.

Ҳақиқатан ҳам охирги ойларда жаҳон бозорида Brent маркали нефть маҳсулотларининг нархи кўтарилиши кузатилган. 20 августда 1 баррел Brent маркали нефтнинг нархи биржа савдоларида 65 долларга сотилган бўлса, 6 октябр ҳолатига кўра, нархлар 82 долларгача ошган. Лекин бошқа томондан ўтган йилнинг октябрида жаҳонда Brent нефть нархи 37 долларгача пасайганда, Ўзбекистон ички бозоридаги истеъмолчилар маҳсулотларнинг кескин равишда арзонлашишини ҳис қилмаган.