Ўзбекистон | 15:34 / 07.10.2021
23549
2 дақиқада ўқилади

Абдулазиз Комилов Кобулда «Толибон» расмийлари билан учрашди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация 7 октябр куни Афғонистон Ислом Амирлиги Ташқи ишлар вазири в.б. Мавлавий Амир Хон Муттақий билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Толибон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Абдул Қаҳҳор Балхий твиттерда маълум қилди.

Фото: Twitter / Abdul Qahar Balkhi

Эълон қилинган суратларда Абдулазиз Комиловга президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев ва бошқа делегация вакиллари ҳамроҳлик қилганини кўриш мумкин. Kun.uz манбаларига кўра, учрашув Афғонистон пойтахти Кобулда бўлиб ўтган.

Амир Хон Муттақий мамлакатдаги вазият ўз изига тушаётганини айтиб ўтган, шунингдек, Ўзбекистоннинг Афғонистонга нисбатан ташқи сиёсати бошқа омилларга боғлиқ эмаслигига ишонч билдирган.

Абдулазиз Комилов Афғонистон Ислом Амирлиги тез кунларда халқаро ҳамжамиятда ўзининг мустаҳкам ўрнига эга бўлиши ва Ўзбекистон савдо, транзит ва энергетика соҳасида ўз зиммасига олган мажбуриятларига содиқ қолишини таъкидлади.

Фото: Twitter / Abdul Qahar Balkhi

«Толибон» расмийси Мозори Шариф аэропорти реконструкцияси ва бошқа ёрдамлар учун Ўзбекистон тарафига миннатдорчилик изҳор этган.

Фото: Twitter / Abdul Qahar Balkhi

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳозирча бу учрашув юзасидан расмий маълумот бермади.

Жорий йилнинг 2 октябрь куни Ўзбекистоннинг Афғонистондаги элчиси Ёдгорхўжа Шодмонов бошчилигидаги делегация ҳам Кобулда «Толибон» ташқи ишлар вазири в.б. Амирхон Муттақий билан учрашган эди.

Учрашувда икки томонлама муносабатлар, хусусан, Мозори Шариф ва Қобул аэропортларини реконструкция қилиш ва икки давлат ўртасида авиақатновларни тиклаш масаласи кўрилган.

Мавзуга оид