Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолига бепул етказиб бериладиган дори воситаларини қабул қилиш, сақлаш ва тарқатиш тартиби, дорилар ва тиббий буюмларга эҳтиёж қандай аниқланиши ҳамда бу жараёнларга кимлар масъул бўлиши ҳақида маълумотлар берди.

Президентнинг «Соғлиқни сақлаш соҳасини комплекс ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул билан тиббиётнинг бирламчи бўғинини касалликларни эрта аниқлайдиган ва даволайдиган тизимга айлантириш, cоҳа ривожланишининг яқин ва узоқ муддатли истиқболларини белгилаш, тиббий хизматлар ҳажмини ошириш ва сифатини яхшилаш борасида бир қатор муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Жумладан, қарорда 2021 йил 15 июндан бошлаб бирламчи тиббий-санитария муассасаларида дори ва тиббий буюмлар учун бириктирилган аҳоли жон бошига ажратилган маблағ миқдори ўртача 3 бараварга оширилиб, ушбу мақсадлар учун жорий йил инвестиция лойиҳаларини мақбуллаштириш ҳисобидан 165 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилиши белгиланди.

Шунга мувофиқ, бугунга қадар Ўзбекистондаги мавжуд 852та оилавий шифокор пункти, 990та оилавий поликлиника ҳамда 207та кўп тармоқли марказий поликлиникага жами 40 миллиард сўмдан зиёд 40 турдан иборат дори ва 10 турдаги антисептик воситалар ҳамда 16 турдаги стоматология амалиётида қўлланадиган сарфлов материаллари, жами 66 турдан иборат дори воситалари ва тиббий буюмлар етказиб берилди.

Мазкур дори воситалари фуқароларга ўзи яшаётган ҳудуддаги бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари (оилавий шифокор пункти, оилавий поликлиника, кўп тармоқли марказий поликлиника) орқали бепул берилиши белгиланган.

Дори воситаларини қабул қилиш, сақлаш ва тарқатиш тартиби қандай?

Мазкур масала Соғлиқни сақлаш вазирининг жорий йил 24 августдаги «Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида дори воситалари ҳаракатини тартибга солиш тўғрисида»ги буйруғи асосида тартибга солинган.

Давлат томонидан аҳолига бепул тақдим этилаётган 66 турдаги мазкур дори ва антисептик воситалар ҳамда сарфлов материаллари дастлаб бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг катта ҳамширалари томонидан қабул қилинади ва махсус жойда сақланади. Катта ҳамшира дори воситаларини талабнома асосида ва эҳтиёжга кўра, муолажа хонаси ҳамшираси ёки оила ҳамширасига етказиб беради.

Дори воситалари ва тиббий буюмларга эҳтиёж қандай аниқланади?