Кўп ҳолатларда тезлик меъёридан ошириб юборилиши оқибатида бир неча автомобиллар иштирокида даҳшатли йўл-транспорт ҳодисалари рўй беряпти. 2021 йил январ-июн ойларида содир бўлган ЙТҲлар 954 кишининг умрига зомин бўлган.
Ички ишлар вазирлигининг сўнгги маълумотларига кўра, республикада жорий йил 9 ойида 6 551та йўл транспорт ҳодисаси содир бўлган, улардан 1 682таси ўлим билан тугаган. Жароҳат олганлар сони 5 920 кишини ташкил этган. Ҳодисаларнинг аксариятига тезликни меъёридан ошириш сабаб бўлган.
Kun.uz йўл ҳаракати қоидаларидаги муаммолар, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашдаги камчиликлар ҳақида Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси Экспертлар кенгаши аъзоси Носиржон Зокиров билан суҳбатлашди.
Қуйида суҳбатдан асосий иқтибослар келтириб ўтилади.
“Йўл ҳаракати қоидаларини ўргатишни мактабдан бошлаш керак”
— Болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг асосий сабабларидан бири – болаларга йўл ҳаракати қоидаларини ўргатмасликдир. Илгари ҳар бир синф учун йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш учун 17 соат дарс белгиланган эди. 2008 йили “Йўл ҳаракати қоидалари” фанидан дарс берувчи ўқитувчилар республика танловида ҳакамлар ҳайъати аъзоси бўлганим ёдимда. Аммо, кейинчалик, нима учундир, бу дарслар олиб ташланди.
Мен ушбу фанни тиклаш бўйича неча йиллардан буён мутасадди идораларга мурожаат қилиб келяпман, бироқ таклифларим “қумга синган сув”дек йўқ бўлиб кетмоқда.

“Тарбиявий соат доирасида йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиб бўлмайди”
— Халқ таълими вазирлиги фақат биринчи синфлар учун тарбиявий соатлар таркибида йўл ҳаракати қоидалари ўргатилишини айтиб келади. Лекин, биринчи синф доирасида эмас, тизимли равишда, ёшга мослашган ҳолда ташкил этилиши керак. Қолаверса, ўқитувчининг ўзи йўл ҳаракати қоидаларини билмаса, унда дастур ёки ўқув режаси бўлмаса, у қандай қилиб болаларга бу қоидаларни ўргатиши мумкин?
Бундай таълимда энг ёмони, ўқитувчи болаларга пиёдалар ўтиш жойидан бемалол ўтаверишини, транспорт воситалари уларга йўл беришини сингдириб қўйишидир. Биз, йўлда ҳаракатланиш маданиятини, ўз ҳаётини аввало ўзи асраб қола олишини уларга сингдириб боришимиз зарур.















