Сериаллар ўзбекистонликлар азалдан энг кўп муҳокама қиладиган мавзулардан бири. Илгари хориж сериаллари миллий менталитетимизга, маънавиятимизга тўғри келмайди, деб бонг урардик. Бунга жавобан айрим хорижий сериаллар «қайчиланди», баъзилари тўлиғича эфирдан олиб ташланди. Гўёки шу билан муаммога вақтинчалик ечим топилди.

Вақт ўтиб, миллий сериалларни кўпроқ ишлаб чиқариш, эфирни ўзимизнинг маҳсулотларимиз билан бойитиш талаби қўйилди. «Milliy» телеканали асосчиси Комил Алламжонов шу каналда хориж сериаллари эфири тўхтатилишини эълон қилганидан сўнг бирин-кетин бошқа хусусий каналларда ҳам хориж сериаллари камая бошлади, ўрнини миллий сериаллар эгаллади.

Бу билан менталитетимизни ёт ғоялардан асрадик, гўёки. Аммо ички душман ҳам пайдо бўлдики, унга қарши курашишга хоҳишимиз бормикин? Бугунги кунда рейтинги баланд «ZO‘R TV», «Milliy» телеканалларида намойиш этилаётган бир нечта сериаллардан олинган парчалар ушбу мавзуни олиб чиқишимизга туртки бўлди.

Фаҳш, даюсликни очиқчасига олиб чиқаётган «ижодкорлар» қайси ғояни беришни мақсад қилишган? Уларни ким назорат қилади? Ўзи умуман сериаллар инсон онгостида қанчалик сақланиб қолади? Онгости дастури инсон хатти-ҳаракатига сингиб, унинг хатти-ҳаракатларида акс этиши мумкинми? Бу борада мутахассислар фикри билан қизиқдик.

«Ёмонликни кўрсатиб яхшиликка ўргатиб бўлмайди»

Психолог, психотерапевт Зебунисо Аҳмедова:

«Намойиш этилаётган сериаллар бир инсоннинг онгостига жойланаётган психологик дастурлардир. Буни психология тилида «нейролингвистик дастурлаш методи» деймиз. Агар бир инсон ҳаёти давомида нафратланадиган образни кўрмаган бўлса, бундай тоифадаги одам билан учрашмаган бўлса, у сериал орқали шу образ билан танишади. Кейин бу ҳам инсон, хавфли вазиятларда нима қилишни билмади, адашди, деб инсон шу образга ҳамдард бўлиб қолади. Бу танишувдан кейин дўстлашув пайдо бўлади, ундан кейин ҳамдардлик юзага келади. Сўнг инсон ўзи шунақа воқеа-ҳодисага дучор бўлганида, ҳамдард бўлган инсонининг хатти-ҳаракатини такрорлаш ҳолати пайдо бўлиши мумкин.

Тасаввур қилинг: бир илонни олиб келинг ва кимгадир чақтиринг. Кейин мана бу илон ва ундан қўрқиш керак, денг. Ваҳоланки, унинг ичига заҳар кириб бўлди, у ёки ўлади ёки танаси шикастланади. Сериалларда ҳам шунақа: сиз заҳарни едиряпсиз ва кейин кўрдингми, қанақа оғир бўлади, деган фикрни беряпсиз. Ўша инсоннинг фикрини шу ғоя билан тўлдиряпсиз. Шунақа ҳолатлар бўляпти, огоҳ бўлинглар, охири яхшилик билан тугамайди, деган гапни айтганнинг фойдаси йўқ. Психология яхшилик йўлини кўрсатиб, охири яхшилик билан тугашини кўрсатади.