Бугунги кунда сериаллар миллионлаб томошабинлар, айниқса аёллар аудиторияси учун кундалик ҳаётнинг бир қисмига айланган. Уй ишлари, таълим ёки ишдан сўнг экран қаршисида сериал томоша қилиш кўпчилик аёллар учун дам олиш, ҳордиқ чиқариш ва ўзини ҳиссий жиҳатдан қувватлашнинг синовдан ўтган усулига айланган.
Эмоционал эҳтиёж ва реал ҳаётдан узилиш
Психологлар фикрича, сериалларнинг оммалашуви ортидаги асосий сабаб — инсондаги ҳиссий алоқаларга бўлган эҳтиёж. Сериаллар томошабинга нафақат қизиқарли воқеаларни, балки орзу қилинган муносабатлар, ечимини топа олмаган муаммолар ёки ҳаётда бўлмаган тажрибаларни ҳам “бошдан кечириш” имконини беради. Айниқса, ёлғизликни ҳис қилувчи, руҳий чарчоқдаги ёки ўз шахсий ҳаётидан қониқмаган аёллар сериалларда ўзига яқин сюжетларни топиши мумкин.
Психологлар бу ҳолатни қуйидагича изоҳлашади:
“Сериал бу — реал ҳаётдаги мураккабликлардан вақтинча узилиш ва тасаввурлар орқали руҳий юкни енгиллаштириш усули. Лекин бу вақтинчалик енгиллик. Агар инсон тўлиқ экрандаги воқелик билан яшай бошласа, бу ҳаётдаги аниқ қадамларни кечиктиради”.
Психологларга кўра, кундалик равишда сериал кўрадиган аёллар кўпинча реал ҳаётдаги муаммоларга нисбатан ёпиқроқ бўлади. Улар вақт ўтиши билан шахсий муносабатларда ортиқча талабчанликка ёки идеаллаштиришга мойил бўлиб қолишади. Бу эса турмушдаги қарама-қаршиликларни қабул қила олмаслик, ҳаётдаги “камчиликлар”га тоқатсизлик каби ҳолатларга олиб келиши мумкин.
Психолог, психотерапевт Зебунисо Аҳмедовага кўра, инсон кўраётган сериал унинг онгига жойлашади:
“Намойиш этилаётган сериаллар бир инсоннинг онгостига жойланаётган психологик дастурлардир. Буни психология тилида “нейролингвистик дастурлаш методи” деймиз. Агар бир инсон ҳаёти давомида нафратланадиган образни кўрмаган бўлса, бундай тоифадаги одам билан учрашмаган бўлса, у сериал орқали шу образ билан танишади. Кейин бу ҳам инсон, хавфли вазиятларда нима қилишни билмади, адашди, деб инсон шу образга ҳамдард бўлиб қолади. Бу танишувдан кейин дўстлашув пайдо бўлади, ундан кейин ҳамдардлик юзага келади. Сўнг инсон ўзи шунақа воқеа-ҳодисага дучор бўлганида, ҳамдард бўлган инсонининг хатти-ҳаракатини такрорлаш ҳолати пайдо бўлиши мумкин”.
Балансни топиш муҳим
Мутахассислар сериалларни бутунлай инкор этиш ёки таъқиқлаш тарафдори эмас. Улар асосий масала — экран олдида ўтказилган вақт ва реал ҳаёт ўртасидаги мувозанатни сақлашда, деб ҳисоблашади. Агар сериал кўриш фақат дам олиш, илҳом олиш ёки шахсий ҳис-туйғуларни таҳлил қилиш учун хизмат қилаётган бўлса — бу одатни зарарли деб бўлмайди.









