Жамият | 14:44 / 11.10.2021
51066
4 дақиқада ўқилади

Судмедэкспертиза – мурдалар тилини тушуниш касби. SUBYEKTIV'да ўликхона ҳақида ҳақиқатлар

Ўликхона ҳақидаги қайси тасаввурларимиз тўғри, қайсилари миф? Мурданинг ҳиди бурундан кетмай қолиши ростми? Ўликларнинг органлари сотилиши қанчалик асосли? Шу ва бошқа саволларга жавоблар – SUBYEKTIV'нинг янги сонида.

Kun.uz ҳомийлигидаги SUBYEKTIV лойиҳасининг навбатдаги сони суд тиббий экспертиза соҳаси вакиллари – судмедэкспертлар ҳақида ҳикоя қилади.

Кўрсатувда тажрибали экспертлар Бобур Ёқубов ва Алишер Искандаров нозик касбнинг турли жиҳатлари ҳақида атрофлича тўхталиб ўтишади.

“18 йилдан бери суд тиббий экспертиза соҳасида ишлайман, – дейди кўпчиликка “Заковат” интеллектуал ўйинлари орқали таниш бўлган судмедэксперт Бобур Ёқубов. – Суд тиббий экспертиза деганда негадир одамнинг хаёлига “морг” келади, “Ўлик очасизларми?” деб сўрашади. Йўқ, биз фақат мурда очиш билан шуғулланмаймиз, фаолиятимизнинг 80-85 фоизидан кўпроғи тирик шахслар экспертизасидан иборат. Калтакланган, йиқилган ёки бошқа турда жароҳатланган кишилар. Мурдалар эса фаолиятимизнинг 15-20 фоизини ташкил этади, лекин кўпчилик касбимизни аввало мурдахона билан боғлиқ деб тушунади”.

“Касбимиздаги жуда муҳим жиҳат – мурдадаги жароҳатлар унга ҳаётлигида етказилганми ё ўлганидан кейинми, шуни аниқлаш, – дейди узоқ йиллик тажрибага эга судмедэксперт Алишер Искандаров. – Масалан, поезд йўлида қолиб кетган студент қизнинг мурдасини олиб келишди. Терговчилар келиб, ўз-ўзини ўлдириш деб тахмин қилишди ва тезроқ экспертиза қилиб беринглар, бу ишни ёпиш керак, дейишди. Биз текширганимизда маълум бўлдики, қизнинг бачадони тешилган, яқинда аборт қилинган ва қон йўқотишдан ўлим келиб чиққан. Бошқа жароҳатлар ўлимдан кейин рўй берган.

Биз бу маълумотни прокуратурага бергач, тезда жиноят иши қўзғатилган. Тиббиёт муассасаларидан бошқа жойда аборт қилиш – жиноят. Бу талаба қиз қишлоқдан келиб, ҳомиладор бўлиб қолган ва давлат муассасаларига мурожаат қилишдан қўрқиб, дугонасидан ёрдам сўраган. Дугонаси аввал туғуруқхонада ишлаган бир ҳамширани топади ва у аборт қилади, лекин операция нотўғри қилиниши оқибатида қиз қон кетиши натижасидаги ўлим билан вафот этади.

Ҳамшира жавобгарликдан қўрқиб, қўшнисига мурожаат қилади. Алкаш қўшни икки шиша ароққа рози бўлиб, жасадни уйлари яқинидаги темир йўлга олиб чиқиб беради. Сўнг жасаднинг бўйин қисмини темир йўл релсига тўғрилаб, ташлаб кетишади. Агар экспертиза бўлмаганида бу ўз-ўзини ўлдириш деб топилиб, иш ёпилиб кетарди”.

Бобур Ёқубовнинг тушунтиришича, суд тиббий эксперти ва патологоанатом касблари бир-биридан катта фарқ қилади.

“Биринчидан, мақсад. Судмедэкспертнинг мурдани очишдан мақсади – зўраки ўлим фактини тасдиқлаш ёки инкор қилиш.

Илон чақиши, заҳарланиш, қуёш ёки ток уриши, тепаликдан тушиб кетиш, жароҳат етказилиши, биров отиб ташлаши кабилар, яъни ташқи муҳит таъсирида бўладиган ҳар қандай ўлим – зўраки ўлим саналади. Патологоанатомнинг асосий мақсади эса – ўлим сабабини аниқлаш”, – дейди у.

Тўлиқ кўрсатувни SUBYEKTIV'нинг YouTube саҳифасида томоша қилинг.

Муаллиф:
Жамшидхон Зиёхонов

Тасвирчилар:
Отахон Юсупов, Муҳаммаджон Ғаниев.

Мавзуга оид