Варанаси. Бу шаҳарда жасадлар олови ўчмаганига неча минг йиллар бўлган. Ганга дарёсида ўликлар ювилади, уларнинг ҳоки оқизилади, чўмилишади ва унинг сувларидан ичишади. Ўтинчилардан тортиб бир чимдим синдур сурувчиларгача — ҳамманинг тирикчилиги ўликчилик билан боғлиқ. Одамлар Варанасига ўлиш учун келишади. Улар ўлим меҳмонхоналарига жойлашиб, умрларининг охирини кутишади. Хўш, нега шундай? SUBYEKTIV дунёдаги энг ноодатий шаҳар ҳақида ҳикоя қилади!

 

Варанаси ҳақида антиқа маълумотлар шунчалик кўпки, сценарий ёзишда уларни қандай жойлаштириб чиқишда роса иккиландим.

Варанасига тунда етиб келдик. Бизни ҳали олдинда нималар кутаётгани етти ухлаб тушимизга ҳам киргани йўқ. Кўз олдимизда ҳозирча тор кўчалар, майит ёқиш учун тинмай ташилаётган ўтин ва ўтинчилар, ҳар қадамдаги деворларда чизиб ташланган ҳиндуизм тимсоллари, бемалол юрган сигирлар, Ганга дарёсига олиб тушадиган зиналар бор эди.

Ўликлар кремация қилиниб, ҳоки дарёга оқизиладиган бу жойнинг номи – Маникарника Гҳат. Ҳиндистоннинг турли бурчакларидан бу ерга кунига 300 тагача майитлар олиб келиб ёқилади. Жасадларни аввал Ганга сувига ботириб олишади.

Ҳиндуизм эътиқодига кўра, шу билан поклаш жараёни бошланади. Баъзан жасадлар тўлиқ ёнмай қолади. Уларни шу ҳолича Гангага ташлаб юборишади. Афсонага кўра, бу ҳудудда олов абадий ҳисобланади ва у Шива давридан бери ўчмаган.

Бу маросимлар очиқча. Исталган одам уни томоша қилиши мумкин. Фақат тасвирга олишда чекловлар бор. Ҳар қадамда одамлар орасидан чиқиб келадиган норасмий гуруҳлар аъзолари сиздан пул талаб қилишади. Яъни, бу тақиқлар диний чеклов эмас. Тўлаб қўйиб, исталган нарсангизни суратга олаверинг.

Ҳинд фалсафасига кўра, инсон қайта-қайта дунёга келади. Яна яшайди. Яна азоб чекади.

Ва бу айланиш мокшага эришмагунча давом этаверади. Мокша — мана шу занжирнинг узилиши ва бошқа дунёга кетишнинг бошланиши, деб ишонилади.