18:07 / 15.10.2021
6250

Зангиота юқумли касалликлар шифохонасида йил бошидан буён 400га яқин чақалоқ дунёга келди

ССВ Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонасидаги ҳолатни ўрганди. 

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Соғлиқни сақлаш вазирлиги сўнгги ҳафталарда Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш кўрсаткичлари нисбатан пасайган бўлса-да, аҳоли СOVID-19га қарши етарли даражада эмланмаган бир шароитда хасталик хавфи юқорилигича қолаётганини маълум қилди ва Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонасидаги ҳолатни ўрганди. 

Муассаса директори Анвар Ҳусановнинг маълум қилишича, 15 октябрь ҳолатига кўра, бу ерда 1350 нафардан зиёд бемор муолажа олмоқда. Улардан 39 нафари ўта оғир, 219 нафари оғир, 933 нафари ўрта оғир ҳолатда. Шунингдек, жонлантириш бўлимларида 170 нафар бемор шифокор ва ҳамшираларнинг доимий назорати остида. 

Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси директори Анвар Ҳусанов

«Болалар ўртасида ҳам касалликка чалиниш кўрсаткичлари, афсуски, ҳануз юқори. Буни муассасада 18 ёшгача бўлган 167 нафар ўғил-қиз (жами беморларнинг 12,3 фоизи) даволанаётгани ҳам тасдиқлайди. Улардан 3 нафари айни пайтда жонлантириш бўлимида муолажа олмоқда. 

Бинобарин, беморлар орасида 122 нафар ҳомиладор аёл ҳам мавжуд. Кеча бу ерда 2 нафар чақалоқ дунёга келди. Натижада йил бошидан буён Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонасида туғилган гўдаклар сони 377 нафарга етди», дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top