Бугун, 20 октябрь куни ОФК кубоги яримфинали доирасида Қаршининг «Насаф» жамоаси Ҳонконгнинг «Ли Ман» клубига қарши саф тортади. Финал олди ўйин превьюсида жамоаларнинг ушбу босқичга қадар қандай етиб келгани, трансфер баҳолари ва бу сафарги учрашувнинг «Насаф» учун қанчалик муҳимлиги ҳақида сўз боради.
«Насаф» плей-оффлар орқали, «Ли Ман» гуруҳ босқичидан яримфиналга чиқди
Коронавирус пандемияси сабабли юзага келган турли муаммолар ОФК кубоги форматига ҳам таъсир қилди. Натижада, «Насаф» гуруҳ босқичи ғолиби сифатида дастлаб Марказий Осиё минтақаси финалида «Аҳал»ни мағлуб этган бўлса, сўнг минтақалараро яримфинали доирасида «Моҳун Баган»дан устун келиб, «Ли Ман»га қарши минтақалараро финалида тўп сурадиган бўлди.
Ҳонконгнинг «Ли Ман» жамоаси эса гуруҳ босқичи ғолиби сифатида тўғридан-тўғри минтақалараро финалга, яъни «Насаф»га қарши ОФК кубоги яримфиналига йўлланма олди. Ҳонконг клуби «J» гуруҳида 9 очко билан 1-ўринни эгаллаб, турнирнинг ғалати тизими боис финал остонасигача чиқди.

«Насаф»нинг турнирдаги сўнгги ўйинлари:
Плей-офф. «Насаф» - «Аҳал» (Туркманистон) – 3:2
Плей-офф. «Насаф» - «Моҳун Баган» (Ҳиндистон) – 6:0
«Ли Ман»нинг турнирдаги сўнгги ўйинлари:
1-тур. «Истерн» (Ҳонконг) - «Ли Ман» (Ҳонконг) – 0:1
2-тур. «Ли Ман» (Ҳонконг) - «Тайнан Сити» (Тайван) – 1:0
3-тур. «Ли Ман» (Ҳонконг) - «Атлетик 220» (Мўғулистон) – 5:1
Қайси жамоа қимматроқ?
Transfermarkt портали ҳар икки жамоанинг трансфер баҳоларини келтирган. «Насаф» айни паллада рақибидан нафақат натижа ёки ўйин жиҳатдан, балки умумий қиймати бўйича ҳам икки карра устун. Турнирда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган жамоанинг умумий трансфер баҳоси 7,08 миллион еврога баҳоланган бўлса, «Ли Ман» икки баравар арзон – 3,78 миллион еврога нархланган.
Қаршиликлар сафидаги энг қиммат футболчилар маҳаллий ўйинчилар бўлса, «Ли Ман» таркибидаги қимматбаҳо ўйинчилар легионерлардир. Рўзиқул Бердиев қўл остидаги миллий жамоага номзод ўйинчилар – Эшмуродов, Неъматов, Алиқулов, Бозоров ва Ғайбуллаев «Насаф»нинг энг қиммат ўйинчилари бўлишса, рақиб сафида Бразилия, Испания, Ҳонконг ва аргентиналик ўйинчилар нисбатан қимматроқ.



















