Куз-қиш мавсуми келиши билан аҳолида уйни иситиш ташвиши пайдо бўлади. Бунда хонадон эгалари турли ускуналар ва печкалардан фойдаланишади.
Қиш давомида ҳунармандлар томонидан тайёрланган тунука ва чўян печкалар, электр қуввати билан ишлайдиган ускуналар, чет элда ишлаб чиқарилган, замонавий, нархи нисбатан қиммат иситиш воситалари роса харидоргир бўлади.


Биз Андижон шаҳрида яшовчи Қобилжон Мусаевнинг хонадонида бўлиб, унинг янги ишланмаси – кам энергия сарфлаб, катта иссиқлик чиқарадиган печка билан танишдик.
Ихтирочи Андижон давлат университети физика факультетини битирган. Ёшлигидан техникага меҳр қўйиб, турли ихтиролар қилишга қизиқади. Бутун дунёда олиб борилаётган физика соҳадаги янгиликларни кузатиб боради. Ҳозирда 36-ДИМИда физика фанидан дарс бериб келмоқда.


“Қиш келиши билан уй иситишда муаммолар пайдо бўлади. Одамлар одатда табиий газ билан, электр энергияси воситасида иситишга ҳаракат қилади. Лекин ҳаммамизга маълум, электр энергияси ўчиб қолиши мумкин; қолаверса, қишда тизимларга катта юкланиш тушиши туфайли токнинг ишчи кучланиши пасайиб кетиши бор. Ундан ташқари, электр таннархи қиммат. Табиий газ эса муаммо.
Аҳолимиз кўмир, ўтин каби одатий ёқилғилар билан уй иситишга ҳаракат қилади. Кўмирдан фойдаланиш анча ноқулай ва хавфли: ундан ис гази чиқиши мумкин, фойдаланишда ҳам бирмунча оворагарчиликлар керак. Унинг устига, яхши сифатли кўмир анча қиммат туради.
Шу туфайли биз ўйлаб-ўйлаб, сиқилган, суюлтирилган, пропан газга мослашишга қарор қилдик. Такомиллаштирилган қурилмамизни беш йилдан бери ишлаб чиқиб, биринчи прототипини, яъни моделини йиғишга эришдик”, – дейди Қобилжон Мусаев.
Қаҳрамонимизнинг айтишича, беш йил олдин бозорда сотилаётган, чет элда ясалган намуналарни ўрганиб чиқиб, ўзи мустақил янги печка ясашга ҳаракат қилган. Биринчи намуна лойиҳасини синовдан ўтказган, аммо лойиҳада кўпгина камчиликлар чиққан.
























