«Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида»ги қонун сенаторлар томонидан рад этилганидан сўнг, Kun.uz таҳририятига Ногиронлар жамияти, Карлар жамияти ва Кўзи ожизлар жамиятининг биргаликдаги мурожаати келиб тушди.

«Бу нафақат бизнинг жамият, балки биз каби бошқалар билан эркин рақобатлаша олмайдиган, имконияти табиатан чекланган шахслар учун жуда кутилмаган ҳолат бўлди.

Қонун ижтимоий ҳимояга йўналтирилганлиги учун биз қонун кабул қилинишини бир неча йилдан бери кутаётгандик. Чунки, мазкур қонун имконияти чекланган шахсларга катта майдонда ўзимизни кўрсатишга, ўзимизнинг имкониятимизни тўла намоён этишга, муносиб иш ҳақи олишга, шу жумладан, ижтимоий адолат нуқтайи назаридан корхоналарнинг иқтисодий аҳволини янада яхшилашга, ишини фаоллаштиришга, ишлаб чикариш ҳажмларини ва ишчиларимиз сонини оширишга ёрдам беради деб ўйлагандик», дейилади мурожаатда.

Маълум қилинишича, сўнгги йилларда Карлар жамияти корхоналарининг даромадлари кескин камайиб бормоқда. 2018 йилда 277 млн сўм фойда олинган бўлса, 2020 йилда 62 млн сўм фойда олинган (деярли 5 бараварга кам).

Даромад камайганлиги ва ойлик иш ҳақлари тушиб кетиши ортидан кўплаб ногирон ходимлар ишдан кетган. 2000 йилда корхоналарда 2000 нафарга яқин кар-соқов ходимлар ишлаган бўлса, 2020 йилга келиб 176 нафар ходим қолган.

Кўзи ожизлар жамияти тизимидаги корхоналар ходимлари сони 2000 йилда 4 минг 900га яқин бўлган, 2010 йилда 3 мингга тушган, 2020 йилда эса 1 минг 479 нафар ходим қолган.

Мурожаатда қонуннинг қабул қилиниши ногиронлар томонидан ишлаб чиқаришни кенгайтиришга хизмат қилиши таъкидланади.

«Бир нарсага алоҳида эътибор қаратиш лозим, деб ўйлаймиз. Биз умумий ишлаб чиқаришдаги технологияларга мослаша олмаймиз, аксинча, биз ўзимизга мослаштирилган технологиялар асосида ишлай оламиз. Шунинг учун бизнинг ходимлар корхоналардан кетганидан кейин бошқа жойларда ишлашга қодир эмас.

Айнан шу қонун бизга ишлаб чиқаришимизни кенгайтиришга, биз каби имконияти чекланганлар учун мослаштирилган технологияларни олиб келишга, ишчи ўринларини кўпайтиришга, уларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш ва муносиб маош тўлаш учун имкон беради, деб умид қилгандик.