«Дунё» ахборот агентлиги хабарига кўра, келишувларга Ўзбекистоннинг 200 нафардан ортиқ вакилини бирлаштирган делегациянинг Мисрга хизмат сафари давомида эришилган.
Ташрифда Мисрнинг чўл ҳудудларини қишлоқ хўжалиги учун ўзлаштириш, марказий пивот — айланма суғориш тизими қўлланадиган майдонларда экинлар ва чорва учун озуқа етиштириш тажрибаси ўрганилган. Янги ўзлаштирилган ерларда чорвачиликни ривожлантириш ва соҳани молиялаштириш механизмларига ҳам эътибор қаратилган.
Делегация аъзолари сув ресурсларини тежамкор бошқариш, замонавий ирригация технологияларини қўллаш ҳамда ишлатилган сувни тозалаб, қайта фойдаланиш амалиёти билан танишган.
Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсуновнинг таклифига биноан Миср Сув хўжалиги ва ирригация вазирлиги мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳнинг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш бўйича келишиб олинган.
Сафар давомида Миср Қишлоқ хўжалиги илмий-тадқиқот маркази — ARC билан ҳам ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилган. Хусусан, марказ билан ҳосилдор буғдой, маккажўхори ва чўл иқлимига мос гуруч навларини Ўзбекистон шароитида синовдан ўтказиш бўйича келишувларга эришилган.
Томонлар Навоий вилоятида тажриба майдонларини ташкил этиш, келгусида эса мазкур илмий-тадқиқот марказининг Ўзбекистондаги филиалини очиш имкониятларини муҳокама қилган.

















