Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги барча вилоят, туман ва шаҳарлардаги ҳоким ва ҳоким ўринбосарлари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (ЭМСК, KPI) асосида баҳолаш тизимини йўлга қўйди.

Агентликнинг argos.uz порталидаги “Рейтинг” саҳифасида 2021 йил июн ҳолатига (2-чорак бўйича) қуйидаги 6 турдаги рейтинг жойлаштирилди:

1.                Натижадорлиги юқори ҳудудлар;

2.                Ҳудудларда кўрсаткичлари энг юқори туман (шаҳар)лар;

3.                Ҳудудларда кўрсаткичлари энг қуйи туман (шаҳар)лар;

4.                Ҳоким ўринбосарларининг ЭМСК бўйича рейтинги;

5.                Туман (шаҳар) ҳокимларининг топ-20лиги;

6.                Туман (шаҳар) ҳокимларининг қуйи-20лиги.

Рейтинг натижаларига кўра, энг юқори кўрсаткичли вилоятлар рейтингида Навоий вилояти (87 балл) етакчилик қилмоқда. Вилоятлар орасида энг паст кўрсаткич Сурхондарёда (66 балл) қайд этилган.

Кўрсаткичлари энг юқори туман (шаҳар)лар рейтингида республикадаги 205та туман орасида Қоровулбозор тумани (Бухоро) 98,2 балл билан 1-ўринни эгаллаган.

Кўрсаткичлари энг қуйи туман (шаҳар)лар рейтингида Сариосиё тумани (Сурхондарё) 1-ўринни эгаллаган (60,8 балл).

Ҳокимларнинг топ-20 талик рейтингида яна Қоровулбозор тумани (Бухоро), Янгибозор тумани (Хоразм), Ширин шаҳри (Сирдарё), Ғазғон шаҳри (Навоий) ва Миробод тумани (Тошкент шаҳри) ҳокимлари етакчилигини кўриш мумкин. Қуйи-20 талик рейтингда эса рўйхатдаги дастлабки ўнта ўриннинг саккизтаси Сурхондарё вилояти туманлари ҳокимларига насиб этган.