Бош прокурор буйруғи билан террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар рўйхатига киритилган шахсларнинг операцияларини тўхтатиб туриш, пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкини ишга солмай тўхтатиб қўйиш, ишга солмай тўхтатиб қўйилган мол-мулкидан фойдаланишга рухсат бериш ва операцияларини тиклаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомда террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар рўйхатини шакллантириш ҳамда ушбу рўйхатни пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотларга етказиш тартиби белгиланган.

Рўйхат Ўзбекистон ваколатли органлари томонидан тақдим этиладиган маълумотлар, шунингдек чет давлатларнинг ваколатли органларидан ҳамда халқаро ташкилотлардан расмий каналлар орқали олинган маълумотлар асосида махсус ваколатли давлат органи томонидан шакллантирилади.

ДХХ, ИИВ, Бош прокуратура ва Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ваколатли органлар ҳисобланади. Рўйхатни шакллантириш учун махсус ваколатли давлат органига низомнинг 6-бандида назарда тутилган маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини илова қилинган ҳолда тақдим этадилар. Маълумотлар олинган пайтдан бошлаб ёки шахсни рўйхатга киритиш учун асослар юзага келган вақтдан бошлаб бир иш куни мобайнида тақдим этилади. Махсус ваколатли давлат органи томонидан маълумотлар «Электрон жиноий-ҳуқуқий статистика» ягона ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда ҳам олинади.

Олинган маълумотлар тўлиқ бўлмаса ёки ноаниқ бўлса, махсус ваколатли давлат органи қўшимча маълумот олиш учун маълумотлар базаларидан фойдаланади ёки тегишли ваколатли органларга мурожаат қилади, улар сўровни олган кундан уч иш куни давомида қўшимча маълумотларни тақдим этадилар. Бундан уларни тақдим этиш учун хорижий давлатларнинг ваколатли органлари ёки халқаро ташкилотларга мурожаат қилиш зарур бўлган ҳолатлар мустасно. Қўшимча маълумотлар олингунига қадар махсус ваколатли давлат органи ушбу масала ҳал этилгунга қадар мазкур шахсларнинг операцияларини 30 иш кунидан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб қўйиши мумкин.

Махсус ваколатли давлат органи қуйидаги муддатларда рўйхатни шакллантиради ҳамда унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритади: маълумотлар БМТ Хавфсизлик кенгашининг расмий веб-сайтидан олинган вақтдан бошлаб бир соат ичида; маълумотлар ваколатли органлардан ёки хорижий давлатларнинг ваколатли органларидан келиб тушган ёхуд «Электрон жиноий-ҳуқуқий статистика» ягона ахборот тизимидан олинган вақтдан бошлаб дарҳол, бироқ иш куни тугамасдан.