Ички ишлар тизимида кинология хизмати фаолият юритади. “Кинология” сўзи қадимги юнон тилида “Итлар ҳақидаги фан” деган маънони билдиради. Хизмат итлари ички ишлар ходимларига жамоат тартибини сақлаш, содир этилаётган жиноятларнинг олдини олиш, уларни иссиқ изидан фош этиш ва яна кўплаб ҳолатларда яқин кўмакчидир.
Биз Андижон вилоят ички ишлар бошқармаси Пост-патрул хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармасининг кинология хизматини мувофиқлаштириш бўлимидамиз.
Бизга айтишларича, бўлимда хизмат қилаётган хизмат итлари ўтган йил давомида 119 та жиноятни очишда ёрдам берган.




“Андижон вилояти ИИБ тасарруфидаги кинология хизмати фаолиятини мувофиқлаштириш бўлимимизда 50дан зиёд хизмат итларимиз бор. Хизмат итларимиздан жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш, содир этилган жиноятларни изидан фош этишда, қолаверса автовокзаллар, вокзаллар ва аэропортларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда фойдаланиб келинмоқда.

Биз бу хизмат итларимиз билан из қидирув йўналиши, гиёҳванд воситалари, портловчи моддаларни қидириб топиш, антитеррор йўналишларида мунтазам равишда машғулотлар ўтказиб турамиз. Натижада уларда ўзига хос кўникма шаклланади”, – дейди инструктор-кинолог Машъалбек Шаҳобиддинов.
Бўлимдаги итлар асосан немис овчаркаси зотидан бўлиб, сўнги йилларда катта ўсишга эришган бельгия овчаркаси зотидан ҳам бор экан. Ҳар икки турдаги итлар билан тизимли равишда машғулотлар ўтказиб борилади. Машғулотлар майдончасида итлар турли тўсиқлардан қандай ўтишини кузатдик.



























