Ўзбекистон | 07:56 / 29.10.2021
2661
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳ йиғилиши йил охиригача ўтказилади

Жорий йил 26 октябрь куни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) бош директори ўринбосари Сянчэн Чжан билан учрашув ўтказди.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Учрашув чоғида Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича музокара жараёни ҳозирги ҳолати ҳамда бу борадаги ҳамкорлик доирасида навбатдаги тадбирлар муҳокама қилинди. Сянчэн Чжан жорий йил август ойида янги лавозимни эгаллаганидан бери ташриф буюрган биринчи мамлакат Ўзбекистон эканини таъкидлади.

Фото: Инвестициялар  ва ташқи савдо вазирлиги
Фото: Инвестициялар  ва ташқи савдо вазирлиги

Ўзбекистон ҳукумати савдо-сотиқни эркинлаштириш, ЖСТ битимлари тамойиллари ва қоидалари асосида ташқи савдони ислоҳ қилиш тизимларини модернизация қилиш, хорижий инвестицияларни рағбатлантириш, шунингдек, барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш бўйича жаҳоннинг энг яхши амалиётларини жорий этишга оид саъй-ҳаракатларни давом эттиришга содиқ экани таъкидланди.

Фото: Инвестициялар  ва ташқи савдо вазирлиги

Томонлар жорий йил охиригача Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳ 5-йиғилишини ўтказиш бўйича ҳамкорликнинг амалий масалаларини муҳокама қилди. Ташкилот раҳбарияти ушбу тадбирни ўтказишда ва Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши жараёнида ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини билдирди. Зарур ҳужжатларни тайёрлашда ЖСТ котибияти ва унинг халқаро экспертлари томонидан Ўзбекистонга кўрсатилаётган техник ёрдамни кенгайтириш бўйича келишувга эришилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид