Жамият | 17:37 / 30.10.2021
33025
2 дақиқада ўқилади

ИШИДга алоқаси борлиги учун қидирилаётган шахс Ўзбекистонга олиб келинди

Давлат хавфсизлик хизмати ИШИД билан алоқаси борлиги учун қидирилаётган шахсни Ўзбекистонга қайтарди. Унинг Сурия ва Ироқдаги жангларда ҳамда Марказий Осиё давлатларидан бирида терактга тайёргарлик кўришда қатнашгани хабар қилинди.

Халқаро террористик ташкилотларга алоқадорлиги учун қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан хориждан олиб келинган. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.

Фото: t.me/xavfsizlik_uz

Маълум қилинишича, И.О. 2014 йилнинг февраль ойида мавсумий ишлаш мақсадида Россияга боради ва интернет тармоғи орқали халқаро террористик ташкилотлар аъзолари билан алоқага киришади.

«Натижада уларнинг таъсири остида «И.О.» яшаш манзилига қайтиб келиб, икки нафар фарзандини ота-онасига қолдиради ҳамда рафиқаси билан бирга 2015 йилнинг март ойида Украина орқали дастлаб Туркияга, сўнгра Сурия ҳудудига ўтиб, «Ислом давлати» халқаро террористик ташкилоти сафига қўшилади.

Шу тариқа, у 2015-2021 йиллар давомида Сурия ва Ироқ давлатларидаги террористик ташкилотлар сафида жанговар ҳаракатларда қатнашади. Шунингдек, у жорий йилнинг сентябрь ойида Марказий Осиё давлатларининг бирида амалга оширилиши керак бўлган қўпорувчилик ҳаракатида иштирок этиши лозим эди», дейилади хабарда.

Ҳозирда унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид