Ёқимсиз ҳиднинг сабаби нимада?
Бундай ҳиднинг сабаби моғор экани юқорида айтиб ўтилди. Бу кирлар олд тарафдан солинадиган машиналарга хос. Кирлар вертикал юкланадиган машиналарга бир цикл учун сув камроқ сарфланади. Автомат кир ювиш кукунини йўриқномада айтилган миқдорда солсангиз, бари кўнгилдагидек кечади. Бироқ кукунни кўпроқ солсангиз ёки қўлда ювиш учун мўлжалланган кукундан фойдалансангиз, кўп кўпик ҳосил бўлади. Машина эса уни тўлиқ чайиб ташлолмайди. Натижада барабан ва эшик атрофидаги резинада кўпик қолдиқлари қолиб кетади. Унга эса кийимлардаги чанг ва кирлар ёпишади. Илиқ ва нам муҳитда бу аралашма бактерия ва замбуруғлар кўпаядиган жойга айланади.
Ёқимсиз ҳиднинг яна бир сабаби – сувни тўкиш шланги ёки канализация трубасида турли чиқиндилар тиқилиб қолиши мумкин. У кир сув оқиб кетишига халақит қилади ва сув кир ювиш машинасида қолади. Намлик моғор кўпайишига ҳисса қўшади.
Кир ювиш машинасидаги ҳидни қандай йўқотиш мумкин?
Агар моғор ҳиди кийимларингизга ўтишини истамасангиз, техникани тозаланг. Бу жуда осон.
1-қадам: Кир кийим ва кукунсиз сервис ювишни амалга оширинг
40 даража ҳароратда кир ювсангиз, моғор ва бактериялар ўлмайди. Шунинг учун бир ойда бир марта кир кийимлар ва кукунсиз сервис кир ювишни амалга оширинг. Машинадан фойдаланиш йўриқномасини ўқинг. Ишлаб чиқарувчи бундай сервис ювишда қандай циклдан фойдаланиш ҳақида ёзган бўлиши мумкин. Агар ёзилмаган бўлса, максимал ҳароратдаги энг узоқ режимда ювинг. Ана шунда барабан ва сувни оқизиб юбориш шлангини тозалаб оласиз. Кимёвий восита ўрнига уйда бор нарсалардан ҳам фойдаланиш мумкин:
- Сода ва сирка. Ярим стакан сувга шунча миқдорда сода солиб, аралаштиринг. Ҳосил бўлган эритмани ювиш воситаси учун мўлжалланган жойга қуйинг. Машина барабанига эса 2 стакан сирка қуйинг.
- Лимон кислотаси. Бир стакан гранулали кислотани машина барабанига сепинг. Сервис кир ювиш жараёнидан кейин кислота қолдиқларини ювиб ташлаш учун чайиш режимини ёқинг.
- Оқартирувчи восита. Кукун солиш жойига 60 мл дан кўп бўлмаган миқдорда суюқлик қуйинг. Ювиш воситаларини қўшманг, бу машинани ишдан чиқариши мумкин. Сервис кир ювиш жараёнидан кейин барабандан оқартирувчи восита ҳиди келади. Жараённи ҳеч қандай восита солмаган ҳолда яна бир марта такрорланг.
2-қадам: Резинали манжетни артинг
Сув, ювиш воситаси, кийимлардаги туклар манжетда қолиб кетади. 1:1 пропорцияда истеъмол содаси ва сувни аралаштиринг. Қўлингизга қўлқоп тақиб, эритмада матони ҳўлланг ва резинани яхшилаб артинг. Қўл етиши қийин бўлган жойларни артиш учун резинани барабандан озгина тортинг. Яхшилаб артилгандан кейин ҳам резинада доғлар кўринса, бу моғор бўлиши мумкин. Манжетни алмаштириш ҳақида ўйлаб кўринг.












