Бу йил VEON холдинг таркибига кирувчи Ўзбекистондаги энг йирик телеком-компаниялардан бири – Beeline ўзининг 15 йиллигини нишонламоқда. Beeline'нинг Ўзбекистондаги фаолияти, мамлакатни рақамлаштиришга сармоя киритилиши ва замонавий ёшлар учун таълимнинг аҳамияти ҳақида – VEON Group бош ижрочи директори Каан Терзиўғлу билан эксклюзив интервьюсида.
Маълумот учун – бугунги кунда компания мақсади нафақат абонентларнинг кенг қамрови ва кўрсатилаётган хизматлар ва сервис сифатини ошириш, балки Ўзбекистонда таълим соҳасига инвестицияларни кўпайтириш, шунингдек, малакали IT-мутахассисларни тайёрлашга ҳам қаратилган. Шундай қилиб, 2021 йилда иккита ижтимоий лойиҳа амалга оширилди: Beeline давлат дастурига аъзо бўлди ва Самарқанд ҳамда Жиззах мактабларини жиҳозлаш ва модернизация қилишга сармоя киритди.
- Агар қарши бўлмасангиз, шахсий саволимдан бошлайлик. Сизга мамлакатимиз ёқадими? Ўзбекистон маданияти, умуман, тараққиёти ҳақида қандай фикрдасиз?
- Ўзбекистон – ноёб давлат! Аввало, исмнинг ўзи: «ўзбек» сўзи «кучли» деган маънони билдиради. Мамлакатингиз ажойиб маданиятга эга. Сўнгги уч йил ичида Ўзбекистон ҳақиқатан ҳам фаол ривожланиб, иқтисодиётини мустаҳкамлаб бораётганига амин бўлдим. Мен бу ерда Beeline бренди остида ишлаётганимдан фахрланаман ва биз (VEON) бу мамлакатга фойдамиз тегаётганидан хурсандмиз.
- Бу галги ташрифингиз давомида Самарқанд шаҳридаги 47-мактабнинг очилиш маросимида иштирок этдингиз, уни модернизация қилишга Beeline 900 миллион сўм сармоя киритган. Жиззахда ҳам шундай лойиҳани қўллаб-қувватлаганингиз маълум. Нимага VEON учун таълимга сармоя киритиш муҳим?
- Ўзбекистон ҳукумати, биринчи навбатда, таълим соҳасига сармоя киритаётгани таҳсинга сазовор. Охирги ташрифим давомида нафақат Самарқанд шаҳридаги 47-мактабга, Технологик академияга ҳам ташриф буюрдим, Президент мактабининг очилишида қатнашдим. Бу инвестиция лойиҳаларининг барчаси алоҳида эътирофга лойиқ. Шубҳасиз, мамлакатнинг келажакка оид аниқ қарашлари ва режалари бор. Биз ўз навбатда бу ташаббусларни фақат қўллаб-қувватлашимиз мумкин.
Ўзбекистонда ёш авлодда дастурий таъминот ҳақидаги билимларни шакллантиришда муҳим ўрин тутадиган IT-мактаблар барпо этилаётганини кўриб хурсандман. Ишончим комилки, Ўзбекистоннинг келажаги рақамли иқтисодиётга боғлиқ. Агар илгари мамлакатнинг бойлиги олтин ёки нефть захиралари билан ўлчанган бўлса, келажакда бу ресурслар аҳамияти камроқ бўлади. Маълумотлар муҳим. Маълумотларни яратадиган, бошқарадиган ва таҳлил қиладиган одамлар олдинги позицияларда бўлади. IT-мактабларида ёш авлод Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичларига қандай тайёргарлик кўраётганини кўриш қувонарлидир.









