07:25 / 03.11.2021
3250

Facebook юзни таниб олиш тизимидан воз кечишга қарор қилди

Фото: stock.adobe.com

Meta компанияси Facebook ижтимоий тармоғида юзни таниб олиш тизимидан ортиқ фойдаланмайди. Фойдаланувчиларнинг биометрик маълумотларнинг йиғилиши ва сақланиши юзасидан билдирган шикоятлари бунга сабаб бўлган, дейилади ижтимоий тармоқ блогида.

«Рўйхатдан ўтган одамлар фотосуратлар ва видеотасвирларда ортиқ автоматик таниб олинмайди. Биз шунингдек, юзни таниб олиш бўйича миллиарддан ортиқ индивидуал шаблонларни ҳам ўчирамиз», — деган компаниядагилар.

Meta компаниясидагилар ҳамон юзни таниб олиш технологиясини «ўта кучли восита» деб аташда давом этишмоқда.

Аввалроқ Facebook фойдаланувчиларга фотосуратларда белгиланиши мумкин бўлган инсонларнинг вариантларини тақдим этар эди. Бундан ташқари, Facebook’дан рўйхатдан ўтганлар ўз иштирокидаги фотосурат ёки видеони кимдир эълон қилса, билдиришнома олишар эди.

Instagram, WhatsApp, Oculus каби ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар ҳам кирувчи Facebook’нинг она компанияси ўз номини бир ҳафтача аввал Meta деб ўзгартирган эди. Ребрендинг компаниянинг кенгаяётгани билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Top