Бугун, 5 ноябрь куни ОФК кубоги финалида Қаршининг «Насаф» жамоаси сафарда Баҳрайннинг «Ал Муҳаррақ» клубига қарши саф тортади. Рўзиқул Бердиев жамоаси ҳал қилувчи ўйинда 10 йил аввалги тарихни такрорлаш имкониятига эга. Финал олди ўйин превьюсида жамоаларнинг ушбу босқичга қадар қандай етиб келгани, ўйинчиларнинг трансфер баҳолари ва финалнинг «Насаф» учун қай даража муҳимлиги ҳақида сўз боради.
VAR, Норчаев учун соврин ва олтин медаллар
Финалдан бир кун аввал Муҳаррақдаги стадионда ташкилий ишлар олиб борилиб, баҳсга тайёргарлик кўрилди. Стадионда VAR тизими ўрнатилди ва турнирда илк марта ҳакамлар бу тизимдан фойдаланиши кутилмоқда.

Шунингдек, ОФК кубоги тўпурари ва ғолибларига топшириладиган медал ва совринлар ҳам тайёрлаб қўйилган. Қайд этиш жоиз, 7та гол билан мусобақанинг энг яхши голеадори бўлиб турган «Насаф» форварди Ҳусайн Норчаев катта эҳтимол билан энг яхши тўпурар совринига эга чиқади. Сабаби рақиб жамоа сафида тўпурарлар пойгасида иштирок этаётган футболчи йўқ.
Баҳрайндаги ўйинга Ўзбекистондан кимлар бормаган?
«Насаф» жамоаси 3 ноябрь куни Қаршидан чартер рейс билан пойтахт Манамага учиб борди. Шу куни жамоа аъзоларидан ташқари, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов, ПФЛ директори Диёр Имомхўжаев ва федерация расмийлари Баҳрайнга жўнаган. 50 нафардан ортиқ мухлислар, ОАВ вакиллари ҳам Баҳрайнга йўл олиши режалаштирилганди. Аммо ушбу мамлакат виза бермагани учун финалга фақат жамоа вакиллари ва расмийлар йўл олган.

Ушбу баҳсда жароҳати сабабли Абдувоҳид Неъматов ва Ҳусниддин Алиқулов қаршиликларга ёрдам бера олмайди.
«Насаф» плей-оффлар орқали, «Ал Муҳаррақ» Рашидов жамоасини мағлуб этиб, финалга чиқди
Коронавирус пандемияси сабабли юзага келган турли муаммолар ОФК кубоги форматига ҳам таъсир қилди. «Насаф» гуруҳ босқичи ғолиби сифатида дастлаб Марказий Осиё минтақаси финалида «Аҳал»ни мағлуб этган бўлса, сўнг минтақалараро яримфинали доирасида «Моҳун Баган»дан устун келди ва минтақалараро финалда «Ли Ман»ни ютиб, турнир финалига чиқди. Эътиборлиси, «Ал Муҳаррақ» шу кунгача ўзбек клубларига қарши ҳали майдонга тушмаган.



















