17:21 / 08.11.2021
20115

Эски ҳайдовчилик гувоҳномалари янгисига 4 та сценарий бўйича алмаштирилиши кутилмоқда, аммо ҳукумат қарори қачон қабул қилиниши номаълум

Ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш муддати узайтирилиши, эски гувоҳномалар 4 босқичда янгисига алмаштирилиши кутилмоқда. Бироқ бу ҳақдаги ҳукумат қарори қачон қабул қилиниши номаълум.

Фото: ТАСС/Александр Рюмин

Вазирлар Маҳкамасининг “Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг янги намуналарини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 2 мартдаги 116-сон қарорининг 3-бандига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида қарори лойиҳасига кўра эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига узайтириш муддати 2022 йил 31 декабрга қадар узайтирилиши кўзда тутилган.

Бироқ аввалги узайтиришларда бўлганидан фарқли равишда бу сафар маълум бир йилларда берилган гувоҳномаларни алмаштириш учун мажбурий муддатлар белгиланмоқда. Жумладан:

– 2010 йилгача бўлган даврда берилганлари – 2022 йил 31 мартга қадар;

– 2010 – 2012 йилларда берилганлари – 2022 йил 30 июнга қадар;

– 2013 – 2015 йилларда берилганлари – 2022 йил 30 сентябрга қадар;

– 2015 йилдан кейинги кейин берилганлари – 2022 йил 31 декабрга қадар мажбурий тартибда алмаштирилади.

Агар эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномалари белгиланган вақтда янгисига алмаштилмаса, қарорда кўзда тутилган алмаштириш муддатининг эртасидан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Бундан ташқари, ҳукумат қарори лойиҳасида эски намунадаги автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномалар 2022 йил 1 январдан бошлаб ҳақиқий эмас деб топилиши ҳам белгиланган.

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ташаббуси билан ишлаб чиқилган ушбу қарор лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига 29 сентябрь куни жойлаштирилган, жамоатчилик муҳокамаси 14 октябргача давом этганди. Бироқ ҳозиргача ушбу ҳужжат қачон қабул қилингани номаълумлигича қолмоқда.

Давлат хизматлари агентлигининг Kun.uz’га маълум қилишича, қарор лойиҳаси муҳокамадан сўнг ҳукуматга киритилган. Ўзбекистон бош вазирининг матбуот хизмати бу борадаги сўровимизга тайинли жавоб тақдим эта олмади.

Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш муддати 2021 йил 31 декабрь кунига қадар белгиланган. Қарорга кўра, эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномалар 2022 йил 1 январдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланиши белгиланган.

Муддат тобора кам қолаётгани ортидан сўнгги кунларда давлат хизматлари марказларида ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш учун ташриф буюрувчи фуқаролар оқими ошган, бу эса узун навбатлар ҳосил бўлишига сабаб бўлаётган эди. Давлат хизматлари агентлиги 29 сентябрь ҳолатига 5 793 000 ҳайдовчининг 3,6 миллионтаси ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштиргани, 2 миллиондан ортиқ ҳайдовчи эса улгурмаганини маълум қилганди.

Агентлик бир ойда 200 минг донагача ҳайдовчилик гувоҳномалари алмаштирилаётгани, ушбу вазиятда йил якунигача 2 миллиондан ортиқ янги “права” бериш имконсизлигини билдирганди. Шу сабабли эски гувоҳномани янгисига алмаштириш муддатини узайтириш таклиф қилинганди.

Top