Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Грандларда йўқотишлар, «Арсенал» тўртликка қайтмоқда, Сульшер яна истеъфога яқин. Англияда ҳафта ўйинлари
Дам олиш кунларида Англия премьер-лигасида ўтказилган навбатдаги тур баҳсларида «Челси» очко йўқотди, «МЮ» «Сити»га қарши дербида ҳеч нарса қилолмади, «Ливерпуль» ютқазди ва навбатдаги ғалабадан кейин бешинчи ўринга кўтарилган «Арсенал»ни ўзига яқинлаштириб олди.
«Арсенал» — «Уотфорд» — 1:0
Гол: 1:0 – 56 Смит-Роу.
Арсенал – Рэмсдейл, Томиясу, Габриэл, Уайт, Нуну Тавареш, Сака, Смит-Роу (Эль-Ненни, 86), Мэйтленд-Найлз, Локонга, Ляказетт (Эдегор, 69), Обамеянг.
Уотфорд – Фостер, Фемения, Кэткарт, Нкулу, Роуз, Сиссоко, Куцка, Туфан (Жоао Педро, 62), Сарр, Кинг, Деннис (Эрнандес, 74).
Четлатиш: Куцка (89).
Ўз ўйинини топиб олган «канонирлар» биринчи бўлим давомида тинимсиз равишда Клаудио Раньери қурган деворни бузиб ўтишга ҳаракат қилишди, лекин тўпга эгалик қилиш бўйича уч баробар устунлик ҳам наф келтирмади. Аниқроқ айтганда, бўлим бошида Сака урган гол видеотакрордан кейин офсайд қайд этилиб, бекор қилинди, кейин 38 ёшли Фостер Обамеянг ижросидаги пенальтини бартараф этди. Габонлик футболчи жорий мавсумда икки уринишида ҳам «нуқта»дан адашди, лондонликлар жамоаси бош мураббийи сифатида 100-ўйинини ўтказган Микел Артета жамоанинг штатдаги пенальтичисини алмаштириш ҳақида ўйламоқда.
Аммо асосийси, испаниялик мутахассис ихтиёрида ўйиндан гол уришга қодир футболчилар бор. Айниқса бу мавсумда янада ёрқин ўйин кўрсатаётган Смит Роу қаторасига учинчи ўйинда ўз номини таблога ёздириб қўйди ва «Арсенал»нинг айни вақтдаги асосий юлдузи ким эканини яна бир бор исботлади. Лондон клуби раҳбарияти ўтган ёзда ушбу истеъдодли футболчисини таркибда сақлаб қолиш учун Грилишнинг трансферидан кейин катта пулга эга бўлган «Астон Вилла»нинг бир неча таклифларини рад этган ва у билан узоқ муддатли шартнома имзолаганди. Бундан ташқари, Смит Роу жамоада Месут Ўзилдан кейин бўшаган 10-рақамли футболкани ўзиники қилди.
Навбатдаги қуруқ ғалабадан кейин Артета шогирдлари кучли тўртликка таҳдид сола бошлади - мавсум стартида сўнгги ўринларга тушиб кетган жамоани энди тўртинчи ўриндан 2, биринчи ўриндан 6 очко ажратиб турибди. Кейинги турда «Арсенал» «Ливерпуль» майдонига сафар қилади ва ғалабага эришилса, тўғридан тўғри рақибнинг кучли тўртликдаги ўрни тортиб олинади.
«Эвертон» — «Тоттенҳэм» — 0:0
Антонио Конте «шпорлар» билан АПЛдаги илк ўйинини ўтказди, бир неча кун олдин Европа Лигасида мухлисларни инфарктга туширувчи ғалабага эришилганди, иккинчи ўйинда «Гудисон Парк»да голсиз дуранг қайд этилди. Whoscored статистик ресурсининг қайд этилишича, «Тоттенҳэм» футболчилари АПЛда рақиб дарвозасини сўнгги бор ишғол этганидан буён 227 дақиқа ўтди. Конте барибир сеҳргар эмас, у бир неча кун ичида жамоани буткул ўзгартириб бера олмайди.
«Албатта, мен дурангдан қониқмадим, аммо биз учун энг яхши дармон — кўпроқ ишлашдир», — дея қайд этди Ливерпулдаги ўйиндан кейин италиялик мутахассис.
«Вест Ҳэм» — «Ливерпуль» — 3:2 (Алиссон, 4, автогол. Форнальс, 67. Зума, 74 — Александр-Арнольд, 41. Ориги, 83).
Қизиллар учун ўйин бир вақтнинг ўзида ҳам кулгили, ҳам баҳсли бўлган гол билан бошланди. Кўпчилик бу вазиятда Алиссон хато қилмагани, бурчакдан тўп узатилган вақтда унга нисбатан Огбонна томонидан қўполлик ишлатилганига шубҳа қилмаяпти. «Ливерпуль» бош мураббийи Юрген Клопп ўйиндан кейин мағлубият учун ўзини оқламаслигини, аммо ҳакамликдан норози эканини айтди: «Баҳона изламаяпман, хотиржамман. Ҳакам томонидан оддий қарорлар қабул қилиниши керак, аммо бугун буни кўрмадик».
Шу билан биргаликда, германиялик мутахассис ўз жамоаси ҳам етарлича яхши ўйнамагани ва мавсумдаги илк мағлубиятни тўғри қабул қилишини айтиб ўтган: «Иккинчи бўлимда рақибдан унчалик устун эмасдик. Ҳужумларни якунлашда совуққонроқ ҳаракат қилишимизни хоҳлардим. Тўпни тез-тез йўқотдик, бу эса қарши ҳужумларга олиб келди».
Меҳмонларнинг бу ўйиндаги энг асосий ютуғи рақиб жарима майдони яқинида Салоҳ ва Александр-Арнольд томонидан ижро этилган жарима зарбаси бўлди, англиялик футболчининг «девор» устидан ўтказиб йўллаган зарбасига Фабияньски сакрашга ҳам улгурмади.
Бир аниқ зарбадан икки гол урилиши билан кечган биринчи бўлимдан фарқли ўлароқ иккинчи бўлим вазиятларга бой бўлди. «Ливерпуль» босим қилди, аммо қарши ҳужумларни ўтказиб юборди ва Форнальс жамоасини олдинга олиб чиқди, кейин «Вест Ҳэм» яна бир бор айни вақтда АПЛда стандарт вазиятлардан фойдаланишда ким энг зўр эканини кўрсатиб қўйди. Бу сафар Алиссонга ҳеч ким халал бермаётганди, аммо у бурчак зарбасидан кейин тўпга чиқишда яққол хатога йўл қўйди. Бразилиялик дарвозабон қизиллар мағлубиятсиз серия бўйича клуб рекордини янгилай олмаслигида асосий айбдордир — мерсисайдликлар ЕЧЛ доирасидаги «Атлетико» (2:0) билан ўйиндан сўнг 1982 йилда ўрнатилган рекордни (25) такрорлашганди, аммо 26-ўйинда мағлубиятсиз серия барҳам топди.
Қизиллар ўйинни қутқариши ҳам мумкин эди, аммо сўнгги дақиқаларда Мане дарвозабон ҳудудида туриб аниқ зарба беролмади. Унинг ўрнида балки Ориги яхшироқ ҳаракат қилган бўларди, у ўйиннинг 83-дақиқасида ҳисобни қисқартирувчи голни урган ва сўнгги Англия чемпионатида 469 кунда илк бор гол урган ва ўйинга интрига қайтарганди. «Ливерпуль» нафақат етакчи «Челси»га яқинлашиб олиш имкониятини йўққа чиқарди, балки турнир жадвалидаги қўшниси «болғачилар»ни учинчи ўринга ўтказиб юборди, ортдан эса «Арсенал» таъқиб қилиб келмоқда, «Ливерпуль» бу таъқибчи билан терма жамоалар учун танаффусдан кейин, 21 ноябрь куни ўзаро ўйин ўтказади.
«Челси» — «Бёрнли» — 1:1 (Ҳаверц, 33 — Видра, 80).
Манчестердаги дерби фонида «Стэмфорд Бриж»даги ўйин натижаси аввалдан маълумдек эди. Чемпионатнинг яққол етакчиси турнир жадвалининг 18-поғонасида қолаётган жамоани меҳмон қилган ўйинда қандай интрига бўлиши мумкин эди? Шундай экан, Ҳаверцнинг голи билан ўйин тақдири ҳал бўлгандек ва қолган дақиқаларда «Челси» яна қанча гол уришини тахмин қилиш керакдек эди.
Аммо вақт ўтган сайин лондонликларнинг устунлиги ўзгармай қолаверди, Шон Дайч эса тўғри ўзгартиришлар амалга ошириб, Родригес ва Видрани майдонга ташлаб, ҳужум чизиғини жонлантирди. Улардан бири диққатни йўқотган мезбон ҳимоячилар ортида очилиб, апрелдан буён АПЛ ўйинларида гол ура олмай келаётган чехиялик ҳужумчига тўпни ташлаб берди. «Бёрнли» ўтган турда чемпионатдаги илк ғалабасидан кейин руҳланиб кетгани яққол кўринди ва АПЛ ўйинларида сентябрдан буён очко йўқотмай келаётган «Челси» рақибларни ўзига яқинлаштириб оладиган бўлди. Лекин бир кун ўтиб «Вест Ҳэм»га мағлуб бўлган мерсисайдликлар Томас Тухелга бир очко фарқи билан яқинлашиб олиш имкониятидан фойдалана олмади.
«Брентфорд» — «Норвич» — 1:2 (Ҳенри, 60 — Норманн, 6. Пукки, 29, пенальти).
«Ростов»нинг собиқ яримҳимоячиси Матиас Норманн АПЛдаги илк голини урди. Унинг голи «канарейкалар»га мавсумдаги узоқ кутилган илк ғалабага ҳисса қўшди. Шу тариқа, лигада ҳамон бирорта ғалабага эриша олмаган ягона жамоа «Ньюкасл» бўлиб қолмоқда, бу жамоа бўлажак бош мураббийи Эдди Ҳаунинг кўз ўнгида «Брайтон»га қарши дуранг ўйнади. Лекин «Норвич»нинг илк муваффақияти жамоанинг узоқ йиллик бош мураббийи Даниэл Фаркени лавозимида сақлаб қола олмади.
Сульшер — аутми?
«Манчестер Юнайтед» — «Манчестер Сити» — 0:2 (0:2)
Голлар: Байи, 7 — автогол (0:1). Бернарду Силва, 45 (0:2).
«Манчестер Юнайтед»: де Хеа, Шоу (Алекс Теллес, 73), Магуайр, Байи (Санчо, 46), Линделеф, Ван-Биссака, Фред (ван де Бек, 80), Бруну Фернандеш, Мактоминай, Криштиану Роналду, Гринвуд (Рэшфорд, 67).
«Манчестер Сити»: Эдерсон, Уокер, Стоунс, Жоау Канселу, Рубен Диаш, Гундўған, Де Брюйне, Бернарду Силва, Эрнандес, Габриэл Жезус, Фоден.
Огоҳлантиришлар: Жоау Канселу, 48. Бернарду Силва, 58. Криштиану Роналду, 90.
Ҳакам: Оливер.
6 ноябрь. Манчестер. «Олд Траффорд» стадиони.
Энди Фергюсоннинг вориси эмас
Шанба куни Алекс Фергюсон «Манчестер Юнайтед» бош мураббийи этиб тайинланганига 35 йил тўлди. Ўшанда шотландиялик мутахассис ҳали сэр бўлмаган, буюк мураббий эмасди, аммо ўн йиллар ўтиб жаҳон футболи тарихидан муносиб ўрин эгаллаганди.
Албатта, бундай кунда «МЮ» мухлислари дербида «Манчестер Сити» устидан ғалаба қозонилишини кутишгани аниқ. Қолаверса, бунга асослар етарли эди: Оле Гуннар Сульшер даврида «қизил иблислар» АПЛдаги сўнгги уч дербида гол ўтказишмаганди. Афтидан, барча муаммоларга қарамай норвегиялик мутахассис мўъжиза кўрсатиб, Пеп Гвардиола жамоасини мағлуб этадигандек эди. Аммо бу фақат иллюзия бўлиб чиқди.
Сульшер учун ўйин ҳал қилувчи бўлиши мумкин. Чунки уни яқингача Фергюсоннинг муносиб вориси сифатида кўришаётганди. Норвегиялик мутахассис «МЮ» бошқарувига қарийб уч йил муқаддам келган ва дастлабки даврларда буюк шотландиялик томонидан фаол қўллаб-қувватланганди; ҳатто сэр Алекс жамоани Сульшер орқали бошқараётгани тўғрисида гаплар пайдо бўлганди.
Сўнгги имкон
У аллақачон ички рекорд ўрнатган — Фергюсон кетганидан кейинги даврда ҳеч бир мутахассис скандинав каби жамоа бошқарувида узоқ қолмаган. Аммо ҳозирда Сульшер истеъфога ҳар қачонгидан кўра яқинроқ. «Ливерпуль»дан учралган даҳшатли 0:5 ҳисобидаги мағлубиятдан кейин The Telegraph «Юнайтед» мураббийи учун ортга ҳисоб бошланганини ёзиб чиққанди: ундан «Тоттенҳэм», «Аталанта» ва «Манчестер Сити»ни мағлуб этиш талаб этиларди.
«Шпорлар»га қарши баҳсда Сульшер вазифани аъло даражада уддалади — схемани қайта қуриб, сафарда йирик ғалабага эришди ва Нунунинг истеъфосини таъминлади. Норвегиялик мураббий бу орқали бир муаммони ҳал қилди: Унинг ўрнига «МЮ» бош мураббийлиги учун асосий номзод сифатида қаралган Антонио Конте «Тоттенҳэм»ни бошқарадиган бўлди.
«Юнайтед» «Аталанта»ни мағлуб этолмади, аммо ўйиндан кейин мухлисларнинг эмоциялари ижобий эди, чунки Криштиану Роналду бу ўйиннинг икки бўлимида ҳам сўнгги дақиқаларда гол уриб, дуранг ҳисобни таъминлади. Учинчи ўйин қолганди — «Сити»га қарши дерби.
Иш бермаган схема
Сульшерни исталган нарсада айблаш мумкин, аммо мослашувчанлик етишмаслигида эмас. Ҳа, кўпчилик у нега Жейдон Санчо ва Донни ван де Бекни захира ўриндиғига михлаб қўйганини тушунмаяпти, аммо у қийин вазиятларда тактикани ўзгартириб, натижага эришишга муваффақ бўлмоқда. «Тоттенҳэм»га қарши ўйин олдидан «МЮ» уч марказий ҳимоячили схемага ўтди ва бу иш берди. Сульшер буни «Аталанта»га қарши ўйинда ҳам қўллаганди, дербида ҳам шу тактикани қолдирди. Аммо кейинроқ бу қарор хато бўлгани ойдинлашди.
Нунудан фарқли равишда Гвардиола рақиб ўйинчиларининг бундай жойлашувига тайёр бўлиб чиқди. Ўйин арафасида Пеп унга чап қанотда чап оёқда ўйновчи футболчилар, ўнг қанотда ўнг оёқда ўйновчи футболчилар керак бўлишини айтганди. Дастлабки 20 дақиқалик у нега ўйинни қанотлардан олиб бормоқчилиги ойдинлашди — «МЮ» қанотларида жуда кўп бўшлиқлар қолдирилди ва меҳмонлар бундан фойдаланишди. Айниқса Аарон Ван-Биссака ўнг қанотда ёмон ўйин кўрсатди — унинг ҳудудидан доимий равишда Жоау Канселу ва Фил Фоден кириб келишди. Еттинчи дақиқада Эрик Байининг автоголи айнан шу қанотдан амалга оширилган ҳужум туфайли рўй берди.
Ивуарлик ҳимоячи бу мавсумда илк бор майдонга тушди, аммо автоголга унга ўйин амалиёти етарли эмаслиги сабаб бўлмади. «МЮ» ҳимоясида уч марказий ҳимоячи жарима майдонига тўпланиб олди, шундай экан «Сити» мамнуният билан бўш ҳудудларда эркин ҳаракатланди.
«Юнайтед»да ҳам вазиятлар бўлди, аммо кам ва асосан Криштиану Роналду омили туфайли. Умуман олганда, бу икки ҳафта олдин «Ливерпуль»га қарши кечган баҳсни эслатарди. Фақат ҳисоб бошқача.
Ҳолбуки бу ўйинда ҳам танаффусга қадар таблода 0:5 ҳисоби порлаб туриши мумкин эди. «МЮ»ни ҳисоб йириклашиб кетишидан фақат Давид Де Хеанинг қаҳрамонликлари асраб қолди — испаниялик дарвозабон сўнгги вақтларда индивидуал маҳоратини кўп бор ишга солишига тўғри келмоқда, айниқса дербининг биринчи бўлими унинг бенефисига айланди. Лекин бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда барибир Бернарду Силва унинг дарвозасини ишғол этишга муваффақ бўлди. Португалиялик бу футболчи «Олд Траффорд»да учинчи марта гол урмоқда.
Иродасиз «Юнайтед»
Иккинчи бўлимни кўришдан маъно йўқ эди. Ҳа, танаффусда Сульшер 4-2-3-1 схемасига қайтиб, аввал Санчони, кейин Маркус Рэшфордни майдонга ташлади, аммо Гвардиола бу ўзгаришларга тайёр экани маълум бўлди. Шундай ҳолатда «МЮ» «Ливерпуль»га ҳам таслим бўлганди, шундай экан бу ўйинда «қизил иблислар»дан ҳеч ким мўъжиза кутмасди. «Сити» тўпга эгалик қилишда давом этди ва рақибни Эдерсон дарвозасидан узоқда ушлаб турди.
«Юнайтед» позицион ҳужумлар уюштира олмади ва қарши ҳужумларда ҳам ҳеч нарсага эришмади. Жамоа ҳимояси рақиб учун жуда кўп бўшлиқлар қолдирган, ҳужум чизиғи вакиллари эса бўлим давомида фақат бир бор аниқ зарба йўллай олишди. 0:2 ҳисоби камтарроқ кўринар, аммо буни аслида тор-мор бўлиш деса ҳам бўлади. Сульшер «Тоттенҳэм» устидан ғалабадан кейин умид уйғотган ва янгиланишларни ваъда қилганди, аммо барчаси ёлғон тасаввур бўлиб чиқди. Норвегиялик мутахассис «Олд Траффорд»да обрўсини йўқотди ва яқин вақтлар ичида у бу ерни бутунлай тарк этиши ҳам мумкин.

Мавзуга оид
14:18 / 01.06.2026
«Кейинги йил ЕЧЛ учун қайтамиз». «Арсенал» Лондонда чемпионлик паради ўтказди
15:43 / 31.05.2026
Парижда «ПСЖ» фанатлари тартибсизлик келтириб чиқарди – фотолар
00:04 / 31.05.2026
«ПСЖ» кетма-кет икки марта ЕЧЛ ғолиби бўлди
12:01 / 25.05.2026