Бугун Англиянинг амалдаги чемпиони «Арсенал» Суперкубок учун Англия кубогининг амалдаги соҳиби «Манчестер Сити»га қарши майдонга тушади. Лондонликлар сўнгги йилларда бир неча бор ушбу соврин учун ўйин ўтказган (сўнгги беш финалда беш ғалаба), аммо анча вақтдан буён бу ўйинга Англия чемпиони сифатида келмоқда.

АПЛдаги ғолибликдан кейи Микел Артета жамоасида ўзгаришлар бўлди ва бу жараён давом этмоқда. Қуйида ушбу жамоа 2026/27 йиллар мавсумига қандай ҳолатда кираётгани ҳақида.

Жамоа таркиби қанчалик кучайди?

Винисиус Жуниорни қўлга киритишга бўлган уринишлар муваффақиятсизликка учради, шу туфайли ҳозирча «Арсенал»нинг ёзги трансферлар ойнасидаги энг асосий хариди «Нюкасл»дан 87,5 миллион евро эвазига Бруно Гимарайш олиб келиниши бўлиб турибди.

Бразилиялик ушбу яримҳимоячи шусиз ҳам кучли бўлган майдон марказини янада мустаҳкамлайди: у АПЛда бир неча йилдан буён муваффақиятли тўп суриб келади ва ҳозирнинг ўзида жамоани кучайтира олади. Бруно бир неча позицияни ёпа олади: унинг борлиги жамоанинг ҳужум чизиғидаги имкониятларини оширади, шу билан бирга, яримҳимоя чизиғи футболчиларига тушадиган юклама ҳажмини камайтиради.

Туркияга йўл олган чап қанот вингери Леандро Троссар ўрнига эса Христос Золис келди – у топ даражага чиқиш салоҳиятига эга бўлган ва таркибни кенгайтирадиган футболчи. Ушбу грециялик футболчи ўтган мавсумда Белгиянинг «Брюгге» клуби сафида барча турнирлар доирасидаги 52 ўйинда 22 гол уриб, 29 голга узатма берган. «Арсенал» 24 ёшли вингер учун 40 миллион евро тўлади. Лондондагилар чап қанот учун яна бир трансфер амалга оширишни (асосий таркиб учун топ даражадаги футболчи олиб келишни) мақсад қилган, аммо ҳозирча бу борада олдинга силжиш кузатилмаяпти, шундай экан, янги мавсум бошида айнан Золис асосий таркиб футболчиси бўлиши мумкин.

Дарвоза чизиғи учун ҳам битта трансфер бўлди – «Лидс»дан Иллан Меле эркин агент сифатида келди. Лекин у асосий дарвозабон Давид Райяга рақобат қилмайди. Меле – мавсум охирида кетиши мумкин бўлган Кепа Аррисабалагага ўринбосар ҳисобланади.

Шунингдек, «Арсенал» «Байер»дан 49 миллион евро эвазига Пиеро Инкапиенинг трансфер ҳуқуқини тўлиқ сотиб олди. Ўтган мавсумда лондонликлар сафида ижара асосида ўйнаган эквадорлик ҳимоячи юқори даражадаги футбол намойиш этганди: Артета у борлиги туфайли чап қанот ҳимоясида қўшимча вариантга эга бўлди – вазиятга қараб ҳужумга кўпроқ қўшиладиган Калафиори ёки ҳимояда ишончлироқ бўлган Инкапиени тушириши мумкин эди.

«Арсенал» футболчилари Майлз Люис-Скелли ва Пиеро Инкапие. Фото: Getty Images