Ақтау шаҳридаги «Шеркала» мажмуасида жойлашган икки қаватли «Аянат» қаҳвахонасидаги кучли портлаш лаҳзаларини кўчадаги видеокамералар қайд этган.
Воқеа гувоҳларининг ижтимоий тармоқларда ёзишича, ҳодиса «Сак базар» бозорига ёндош бинолардан бирида рўй берган. Портлаш натижасида қаҳвахона биноси тўлиқ вайрон бўлган.

«Дастлабки хулосаларга кўра, воқеага табиий газ ва ҳаво аралашмасининг портлаши сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда. Чунки портлаш жойидан иккита газ баллони топилган. Қаҳвахона эгасининг айтишича, бино вайроналари остида ҳар бири 50 литр сиғимга эга яна иккита газ баллони бўлиши керак», — деган Мағистау области фавқулодда вазиятлар департаменти бошлиғи ўринбосари Бекбўлат Абдиқадиров.
«Портлаш оқибатида шифохонага ҳеч ким мурожаат қилмаган», — дейилади маҳаллий ҳокимиятнинг баёнотида.

Якшанба куни тунда эрталабгача фавқулодда ҳодиса юз берган жойда ўнлаб қутқарувчилар ва махсус техника ишлаган.


















