Ўзбекистон | 15:07 / 12.11.2021
10386
3 дақиқада ўқилади

Экспресс тест муаммоси ҳамон долзарб. Янги вазир бу мантиқсизликка чек қўя оладими?

 ПЗР-тести сертификати бўлишига қарамай, Ўзбекистонга қуруқлик орқали кирувчи чегара пунктларида фуқаролардан асоссиз равишда пуллик COVID-19 экспресс тест олиш амалиёти ҳали ҳам сақланиб қолмоқда. Янги вазир бу мантиқсизликка барҳам бера оладими?

31 октябр куни Kun.uz сайтида “Экспресс-тестлар кимнинг “чўнтаги”? Чегарадаги мантиқсизлик бекор қилиниши керак” сарлавҳали суриштирув эълон қилинган эди.

Унда Ўзбекистонга ҳаво ва темир йўл орқали кириб келишда амал қиладиган коронавирусга ПЗР-тести “Ғишткўприк” чегара пунктида тан олинмаётгани, бу ерда чегарани кесиб ўтаётган ҳар бир шахс ҳақиқий ПЗР-тести бўлишига қарамай, 100 минг сўм тўлаб, коронавирусга экспресс-тест топширмагунча Ўзбекистонга ўтказилмаётгани ҳақида айтилганди.

Kun.uz мухбири, шунингдек, экспресс-тест лабораториялари Тожикистон билан чегарадаги Ойбек-Бўстон ҳамда Қирғизистон билан чегарадаги Дўстлик-Дўстик чегара-божхона назорат пунктларида ҳам мавжудлигини аниқлади.

“Ғишткўприк”дагидан фарқи шундаки, бу икки пунктда барчадан бирдек экспресс-тест топшириш талаб қилинмайди. Кўпи билан уч кун олдин топширилган ва манфий жавоб чиққан ПЗР-тести билан бемалол кириб келиш мумкин.

Муаммонинг оммага бонг урилаётган жиҳати мана шу. “Ғишткўприк” чегара пунктидан Ўзбекистонга кираётган фуқароларнинг ҳуқуқлари эса топталмоқда, 100 минг сўм тўлов қилишга мажбурланмоқда, очиқдан-очиқ “шилинмоқда”.

Мақола эълон қилинганига ҳам 13 кун бўлди. Аммо на Соғлиқни сақлаш вазирлиги, на Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бирор муносабат билдирган.

Бу кунлар ичида Ғишткўприк чегара-божхона пунктидаги “Тиббиёт дунёси” МЧЖга тегишли лаборатория, эҳтимол, Ўзбекистонга кириб келган ҳар қандай фуқародан, уларнинг ПЗР-тести сертификати бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар 100 минг сўмдан ундиришда давом этмоқда.

11 ноябр куни президент фармони билан Беҳзод Мусаев соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинланди. Хўш, яхши менежер ва адекват иш бошқарувчи дея баҳо берилаётган вазир фуқароларни қийнаётган бу муаммога эътибор қаратадими? Махсус комиссиянинг тушунарсиз баёнидан фойдаланиб, мантиқсиз тартиб ўрнатиб олган ва халқ ҳисобига чўнтагини қаппайтираётганларнинг таноби тортиб қўйиладими?

 Толиб Раҳматов

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид