Ўзбекистон | 07:40 / 13.11.2021
7194
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда шамол энергетикаси ҳажмини 5 000 МВтгача етказиш режалаштирилмоқда

Ўзбекистонда шамол электр станциялари (ШЭС)ни қуриш учун аниқланган ер майдонларидаги шамол потенциали кўрсаткичлари жаҳонда мавжуд шамол электр станцияларининг ўртача кўрсаткичларидан юқори ҳисобланади. 

Фото: Getty Images

Энергетика вазирлиги матбуот хизматига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда ШЭСларни қуриш бўйича бир нечта лойиҳага старт берилган.

Жумладан, БААнинг “Masdar” компанияси томонидан Навоий вилояти Томди туманида қиймати 600 миллион АҚШ доллари бўлган 500 МВт қувватли шамол электр станциясини қуриш бўйича келишувлар имзоланди. Ушбу станция 2024 йилда тўлиқ фойдаланишга топширилгач, йиллик 1,8 миллиард кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқаради ва 1 йилда 546 миллион куб метр табиий газ тежалади.

Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси Бухоро вилояти Ғиждувон ва Пешку туманларида қиймати 1,3 миллиард АҚШ доллари бўлган 1000 МВт қувватли 2та ШЭС қуриши бўйича келишув имзоланган бўлиб, ушбу станциялар 2023 йилда ишга туширилгач, йиллик 3,6 миллиард кВт⋅соат электр энергияси етказиб берилади ва йилига 1,1 миллиард куб метр табиий газ тежалишини таъминлайди.

Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний ва Қораўзак туманларида қиймати 110 миллион АҚШ доллари бўлган 100 МВт қувватли шамол электр станциясини қуриш бўйича Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан биргаликда танлов ўтказилди. “ACWA Power” компанияси 1 кВт⋅соат электр энергияси учун 2,57 АҚШ центи тариф таклифи билан танлов ғолиби бўлди. Ушбу станция 2023 йилда ишга тушгач, йилига 350 миллион кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқаради ва бир йилда 106 миллион куб метр табиий       газни тежайди.

Билдирилишича, Энергетика вазирлиги шамол энергетикасини ривожлантириш концепциясида белгиланган режаларни муддатидан олдин бажармоқда. 2030 йилга қадар мамлакатда ШЭСлар умумий қувватини 5000 МВтга етказиш кутилмоқда. Уларнинг катта қисмини Қорақалпоғистон Республикасида барпо этиш назарда тутилмоқда.

Мавзуга оид