Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида Аксум бренди остида зирҳли техникаларни ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган янги завод ўз фаолиятини бошлади. Маълум қилинишича, ушбу брендни Бирлашган Араб Амирликларида Inkas компанияси асосчиси сифатида танилган тадбиркор Улуғбекхон Мақсумов Ўзбекистонга олиб келган.



Aksum ҳарбий саноат мажмуасида ҳарбийлар ва фуқаролар учун ҳам зирҳли автомашиналар, зирҳли седанлар, зирҳли автобуслар ва турли мақсадларда фойдаланиш мумкин бўлган зирҳли ҳарбий машиналар тақдим қилинади.
2018 йил март ойида БААда истиқомат қилувчи, асли фарғоналик тадбиркор Улуғбек Мақсумов Ўзбекистонда зирҳли автомобиллар ишлаб чиқариш бўйича завод қуришни режалаштираётгани хабар қилинган эди.



Тадбиркор унда бундай хоҳиш президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон иқтисодиётига ўз маблағини йўналтирмоқчи бўлган инвесторлар учун қулай шароитлар яратиш тўғрисидаги баёнотидан сўнг пайдо бўлганини айтган.





















