DW хабарига кўра, ал-Алимий 25 сентябр, жума куни мамлакат аҳолисига мурожаат қилиб, фуқароларни Яман мудофаасига ҳисса қўшишга ундаган.

Мурожаат Эрон қўллаб-қувватлайдиган ҳусийчилар билан давом этаётган можаро янада кескинлашган бир пайтда янгради. Бир неча ҳафта аввал ҳусийчилар ҳукумат қўшинларига зарбалар берган. Нашрнинг ёзишича, Саудия Арабистони ҳарбий авиацияси кўмагига қарамай, Яман армияси чекинишда давом этмоқда.

Ҳусийчиларнинг ҳарбий ютуқлари ва стратегик йўллар

DW маълумотига кўра, сўнгги ойларда ҳусийчилар Яманнинг Қизил денгиз бўйидаги бутун соҳилини, шунингдек, Боб ал-Мандаб бўғозига туташ ҳудудларни эгаллаган.

Нашрнинг қайд этишича, АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши бошланганидан буён мазкур бўғознинг стратегик аҳамияти ошган. У Ҳўрмуз бўғози блокадаси туфайли нефт етказиб беришда юзага келган узилишларни қисман қоплаш имконини берувчи муқобил савдо йўли сифатида қўлланмоқда.

Мақолада ҳусийчиларнинг ҳарбий муваффақиятлари Эрон ва унинг иттифоқчиларига минтақадаги муҳим сув йўллари устидан назоратни мустаҳкамлаш имконини бергани таъкидланган. Бу Саудия Арабистони ва Форс кўрфазидаги бошқа давлатларнинг жаҳон бозорига нефт экспортига таъсир кўрсатмоқда. Исёнчилар ҳужумлари халқаро савдо йўлларига таҳдид солиб, электр энергияси нархлари ошишига ҳам туртки бермоқда.

Reuters хабарига кўра, ҳусийчиларнинг олдинга силжишига Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси раҳбарлик қилмоқда. Агентликнинг Теҳрондаги манбалари Эрон шу йўл билан АҚШга қарши қарама-қаршиликда янги фронт очишга интилаётганини айтган.

Ҳужумлар географияси кенгаймоқда

Яманда 2014 йилдан буён фуқаролар уруши давом этмоқда. Можаро мамлакатнинг амалда ўзаро курашаётган уч томон ўртасида бўлиниб кетишига олиб келган.

Ҳусийчилар мамлакатнинг шимолий ва ғарбий вилоятларини, жумладан, пойтахт Санони эгаллаган. DW маълумотига кўра, улар назоратидаги ҳудудларда Яман аҳолисининг қарийб 70 фоизи яшайди.

Сентябр бошида ҳусийчилар Яқин Шарқдаги ҳарбий ҳаракатларини кенгайтиришини эълон қилиб, Саудия Арабистони жанубидаги тўрт шаҳарга зарба берган. Кенг кўламли ҳужум оқибатида 70 дан ортиқ киши жабрланган, нефт объектларида ёнғинлар чиққан.