Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги «Хасково» подстанциясида 17 ноябрь куни соат 17:10ларда қисқа туташув натижасида ўчиш содир бўлган. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Натижада Тошкент вилоятининг Зангиота, Тошкент шаҳрининг Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларининг айрим ҳудудларида электр энергияси таъминотида узилишлар кузатилмоқда.
Ҳозирда Тошкент ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг аварияга қарши махсус бригадалари томонидан ушбу носозликни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.
Таъмирлаш ишлари қисқа вақт ичида якунланади ва электр энергияси таъминоти тикланиши айтилди.
«Шунингдек, мамлакатимизга кириб келган совуқ об-ҳаво оқими, кучли шамол ҳамда қор бўрони электр узатиш тармоқлари ҳамда трансформатор пунктларига шикаст етказмоқда. Бунинг натижасида республикамизнинг айрим ҳудудларида электр энергияси етказиб беришда вақтинча узилишлар кузатилмоқда», дейилади хабарда.
Махсус бригадалар томонидан ушбу носозликларни бартараф этиш ишлари олиб борилаётгани таъкидланган.



16 ноябрь куни Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида жойлашган «Хосилот» подстанциясида ортиқча юк туфайли кабель ёниб кетган, бир қатор массивлар электр энергиясидан узилганди.

Бундан аввалроқ Uzbekistan Airways авиакомпанияси об-ҳаво ноқулайлиги сабаб бир қатор халқаро ва маҳаллий рейслар парвозини кечиктиргани тўғрисида хабар берилганди. Об-ҳаво шароити билан кечиктирилган яна бир неча халқаро ва маҳаллий рейслар кейинроқ ўз йўналиши бўйича учиб кетган. Фақат Turkish Airlines авиакомпаниясининг соат 09:45да Тошкент—Истанбул йўналиши бўйича учиши керак бўлган ТК-369 рейси номаълум муддатга қолдирилган.


















