“4000 нафарга яқин киши яшаган Тўпқопи саройи Истанбул шаҳридаги Саройбурнида жойлашган” – дея, ҳикоя қилади Uzbek.life колумнисти Сабоҳат Ражабова.

Сиз ҳам ўз ҳикояларингизни биз билан бўлишмоқчи бўлсангиз Telegram’дa @uzbeklifebot га мурожаат қилинг.

Усмонли империясининг 600 йиллик тарихи ҳисобидан 400 йил мобайнида ҳукумат маркази сифатида фойдаланилган ва нафақат усмонли подшоҳлари, балки бир пайтнинг ўзида жами 4000 нафарга яқин киши яшаган Тўпқопи саройи Истанбул шаҳридаги Саройбурнида жойлашган.

Тўпқопи саройи 1478 йилда Фотиҳ Султон Меҳмет томонидан барпо эттирилган ҳамда сарой халқининг Долмабаҳче, Йилдиз ва бошқа саройларда яшаб бошлаганидан сўнг секин-секин бўшаб қолган. Аммо подшоҳлар томонидан тарк эдилганидан кейин ҳам Тўпқопи саройи ўз аҳамиятини йўқотмади. 

Тўпқопи саройи ички ҳовлиси
Сарой ичкарисидаги ҳудуд

Сарой илк маротаба чекланган бир омма учун бир музей сифатида Султон Абдулмажид ҳукмронлиги даврида очилди. Ўша пайтдаги инглиз элчисига Тўпқопи саройи хазинасидаги буюмлар кўрсатилганидан сўнг ушбу кўҳна асарларни келган меҳмонларга кўрсатиш бир анъанага айланади ва Султон Абдулазиз даврида хазиналар бир-бир витринада тақдим этилиб, хорижликларга кўрсатила бошлайди. Султон Абдулҳамид II тахтдан ағдарилган даврларда Тўпқопи саройи Хазина-и Ҳумоюнининг якшанба ва сешанба кунлари маҳаллий аҳолининг зиёрати учун ҳам очилиши режалаштирилади. Аммо амалга оширилмайди. Кейинчалик эса Мустафо Камол Отатуркнинг буйруғи билан 9 сентябрь 1924 йилда сарой халқнинг зиёрати учун музей сифатида очилади.