«Профилактик ҳисобдаги шахслар ички ишлар идоралари назоратида туради. Назорат деганда қайта жиноят ёки ҳуқуқбузарликка қўл уриши мумкин бўлганлар, илгари судланган шахслар устидан ўрнатиладиган назоратни тушуниш керак. Ушбу ҳисобда турувчиларни илгаригидай ички ишлар бўлимига чақиртириб, эшикнинг тагида соатлаб куттириб қўйиш, ўғрилик содир бўлса, фақат шуларни чақириб гумон қилиш механизмларидан воз кечганмиз.
Биз шундай назорат ўрнатганмизки, муқаддам судланган шахслар оиласини қандай боқяпти, тирикчилиги қандай ўтяпти, мунтазам суриштириб турамиз. Чунки айни шу нарса уларни қайта жиноят кўчасига етаклаши мумкин.

Фото: Kun.uz
Одатда ўғрилик ёки бошқа бир жинояти, муъмурий ҳуқуқбузарлик учун судланиб чиққан шахсларга кўп жойда иш беришмайди. Шу боис судланиб чиққандан сўнг уларнинг иш топишига кўмаклашамиз, ижтимоий ҳаётга мослашишига ёрдам берамиз. Шу мақсадда улар яшаш жойидаги профилактика инспекторининг профилактика ҳисобига олинади. Буни ҳеч ҳам «қора рўйхат» деб бўлмайди», дейди Бахтиёр Бердиалиев.
Эркакларга ҳам ҳимоя ордерлари берилиши мумкин
ИИВ мулозими таклиф этилаётган ўзгаришлар кучга кирса, профилактика инспекторларининг профилактик ҳисобда турувчи шахслар билан уйига бориб ёки хизмат хонасига чақириб суҳбат қилиб туриш амалиётига барҳам берилишини таъкидлади.
«27та турдаги маъмурий жавобгарликка тортилган шахслар бўйича профилактика ҳисоби юритилади. Янги қонун лойиҳасида шуни 8тага тушириш кўзда тутилган. «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги қонун лойиҳаси вазирилигимиз томонидан ишлаб чиқилди.
Бу ўзгаришлар бизга нима беради? Агар қонун лойиҳаси қабул қилинадиган бўлса, профилактик ҳисобга киритишга асос бўлувчи маъмурий ҳуқуқбузарликлар тури 27тадан 8тага камайтирилиб, улар билан якка тартибда, яъни секторлар кесимида «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»га киритиш орқали ишлаш йўлга қўйилади. Яъни профилактик ҳисобдан чиқариладиган шахсларни камбағалликдан чиқариш бошқа йўналишлар орқали амалга оширилади.

















