07:28 / 22.11.2021
4426

Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 32,6 миллиард долларга етди

Фото: Kun.uz

2021 йил январь-октябрь ойларида Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 32,65 миллиард долларни ташкил этди ва бу кўрсаткич 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 2,55 миллиард долларга ўсди (ўсиш - 8,5 фоиз). Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар берди.

Ташқи савдо айланмаси умумий ҳажмидан экспорт 12,43 млрд долларни (2020 йил январь-октябрь ойларига келиб 6,7 фоизга пасайганлиги қайд этилган), импорт эса 20,22 млрд долларни (ўсиш 20,5 фоиз) ташкил этди.

Натижада, ташқи савдо сальдоси пассив балансни ташкил этди - 7,78 миллиард доллар. 

Ташқи иқтисодий фаолиятда 20 та йирик ҳамкор давлатлар қаторида тўрт давлат, хусусан, Афғонистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркия билан фаол ташқи савдо баланси мавжуд. Қолган 16 та давлатда ташқи савдо айланмасининг пассив баланси сақланиб қолган. 

Бугунги кунда Ўзбекистон дунёнинг 179 давлати билан савдо алоқаларини амалга ошириб келмоқда. Ташқи савдо айланмасининг энг катта ҳажми Хитой (18,6 фоиз), Россия (18,0 фоиз), Қозоғистон (9,7 фоиз), Туркия (8,3 фоиз), Корея Республикаси (4,7 фоиз), Қирғизистон (2,4 фоиз) ва Германия (1,9 фоиз) мамлакатларига тўғри келди. 

Top