Депутатлардан кутилмаган таклиф

Шу кунларда Олий Мажлисда кейинги йилги Давлат бюджети муҳокама қилиняпти. Доимгидек, Вазирлар Маҳкамаси киритган лойиҳа катта ўзгаришларсиз тасдиқланиши эҳтимоли юқори.

Лекин айрим умидбахш янгиликлар ҳам йўқ эмас. Шу ҳафта депутатлар кутилмаганда “декрет пули” ва “бола пули” масаласини кўтариб чиқди.

Ҳукумат бу мавзудан анча йиллардан бери қочиб келяпти. Бу ҳақдаги саволларга жавобан янги тизимга ўтилиши ҳақида фақат ваъда бериляпти холос.

Халқ демократик партиясининг баёноти мақтовга лойиқ, унда масала аниқ-тиниқ қилиб кўндаланг қўйилган: “Ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси ходим давлат ё нодавлат ташкилотда ишлашидан қатъи назар барча аёллар учун кафолатли равишда давлат томонидан тўланиши керак”.

Гап шундаки, бюджет ташкилотларида ишлайдиган аёлларга бола парвариши нафақаси, халқ тилида айтганда “бола пули” тўланмаяпти. Уларнинг битта-ю битта “айби” – давлат ташкилотида ишлаб, давлатга хизмат қилгани.

Хусусий сектордаги аёл ходимларга эса бюджетдан нафақат “бола пули”, балки “декрет пули” ҳам берилаётгани йўқ. Аниқроқ айтганда, уларга ҳомиладорлик ва бола парвариши нафақаларини тўлаш иш берувчилар зиммасига юклаб қўйилган. Бу – халқаро талабларга зид. Ва шундайлиги ҳам бежизга эмас: амалиётда жуда кўп иш берувчилар бу тўловни тўлаётгани йўқ.

Амалдаги тартибни ҳеч иккиланмай миллионлаб аёллар ва болалар ҳуқуқларининг қўпол тарзда бузилиши деб баҳолаш мумкин. Фарзанд кўриш ва тарбиялаш, яъни жамият олдидаги энг асосий бурчини бажариши туфайли вақтинча ишлай олмаётган аёллар ўзлари тўлаган солиқлар ҳисобидан нафақа олишга ҳақли. Узоққа бориш ҳам шарт эмас: бунақа тартиб 2010 йилгача Ўзбекистонда ҳам амалда эди.

Ўтган йили “декрет” ва “бола пули” масаласида молия вазири Тимур Ишметовга Сенатда савол берилган эди. Вазир ўшанда бюджет имкониятлари чекланганини рўкач қилиб, “кўрпага қараб оёқ узатиш керак” деган иборани ишлатганди.

Қизиқ, янгидан янги вазирликлар очиш, миллий сериаллар ишлаб чиқариш, виночиликни ривожлантириш, амалдорлар учун қўша-қўша қиммат машиналар олиш, ҳеч ким ўқимайдиган газеталар обунаси, ҳайкаллар ва курантларга пул ажратилаётганда нега кўрпага қараб оёқ узатиш кераклигини биров эслатмайди?