«Ким биландир бу борада рақобатлашмайман. Айнан кимнидир ютишни хоҳламайман. Мен ўзим учун, жамоаларим ва мухлисларим учун ғалаба қозонаман.

Фаолиятимдаги энг катта мақсад – ўз клубим ва терма жамоам учун турли даражадаги совринлар олиб бериш. Энг катта мақсад – профессионал футболчи бўлиш ниятидагиларга мотивация бериш. Энг катта мақсад – футбол тарихида ўз номимни олтин ҳарфлар билан ёзиб қолдириш»

(Криштиану Роналду «Олтин тўп» ҳақида)

Яқинда «Франс футбол» муҳаррири Паскал Ферре Криштиану Роналду «Олтин тўп»лар сони бўйича Мессидан ўтиб кетишни мақсад қилгани ҳақида айтиб ўтганди. Роналду уни ёлғончиликда айблади ва юқоридаги сўзларни айтди. Яъни жамоавий спорт билан шуғулланадиган инсон шахсий совринларни ҳаётининг бош мақсадига айлантириши мумкинми ёки «Олтин тўп» шунчаки қўшимча бонусми? Нима деб ўйлайсиз?

«Олтин тўп» масаласи, бу совринга ким ҳақли-ю, кимга ноҳақ топширилди, деган саволлар кўпайиб кетди. Шу мавзуда шахсий фикрим қуйидагича:

Мен учун «Олтин тўп» футболда, ҳатто тарихий нуқтайи назардан ҳам кичик аҳамиятга эга бўлган соврин. Бир пайтлар бундай тортишувлар, жанжаллар, зиддиятлар бўлмасди, футбол мусобақалари фонида ўтиб кетадиган, шунчаки тадбир эди, холос.

Бир пайтлар шахматда Карпов–Каспаров, боксда Тайсон–Льюис каби рақиблар ушбу спорт даражасини қай тариқа тахта ёки рингдан ташқарига кўчира олган бўлса, Месси ва Роналдудан шундай фойдаланишди. Футбол майдондан ташқарига чиқди. Ушбу икки ажойиб футболчининг ўз жамоалари либосида бирор соврин учун курашишлари анча завқли томоша. Шунинг ўзи етмасдан, энди бу икки футболчи рақобатини майдондан ташқарига, тадбир залига кўчиришди. Ўн йилдан бери деярли ҳар йили биз худди Карпов ва Каспаров, Тайсон ва Льюис сингари, жамоавий спортнинг икки юлдузининг ўзаро кураши имитациясини кузатишга мажбурмиз. Ўзингизни бундан қутқаринг.

Тасаввур қилинг, бир неча болага топшириқ берилди: «Энг кучли ҳайвоннинг номини ёзиб топширинг». Бир бола оғирроқ юк кўтаришини инобатга олиб, филга овоз беради. Кимдир ўрмон қироли деб шерга. Яна бири циркда ўйнамайди-ку, деган машҳур нақлга амал қилиб, бўрини танлайди. Якуний натижани тахмин қилиш қийин. Бу сафар шер, келаси сафар, айтайлик, баъзи болалар алмашса, фил ғолиб келиши мумкин. Нега ўтган йил ўрмон қироли бўлгани учун шер эди, бу сафар оғир юк кўтаради, деб филга берилди? Ўлчов қани, деб тортишиб юришдан маъно борми?

Агар болаларга «энг кучли» деганда қайси ўлчов назарда тутилгани айтилса, якуний натижа тушунарли бўларди. «Энг оғир юкларни кўтарувчи» деб маъно берилса, бир сафар фил, келаси сафар, агар номзодлар ичида фил йўқ бўлса, туя ғолиб келади, ҳаммаси тушунарли.