Жамият | 13:55 / 30.11.2021
2095
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда болаларни ҳожатхонага яшириб қўйган боғча мутасаддиларига растрата учун жиноят иши қўзғатилди

Фото: Видеодан кадр

Аввалроқ Kun.uz’да Қарши шаҳридаги боғчалардан бирида текширувчилар келганда болалар ҳожатхонага яшириб қўйилгани ҳақида хабар берилганди. Вилоят Мактабгача таълим бошқармасининг хабар беришича, ҳозирги кунда боғча мутасаддиларига растрата учун жиноят иши қўзғатилган.

Жорий йил 26 октябрь куни вилоят мактабгача таълим бошқармаси ишчи гуруҳи Қарши шаҳридаги 32-давлат мактабгача таълим ташкилотида ўрганиш ўтказган. Боғча мутасаддилари эса рўйхатга олинмасдан тарбияланаётган болаларни ишчи гуруҳ кўриб қолмаслиги учун ҳожатхонага яширган.

Ҳодиса ОАВ ва ижтимоий тармоқларда тарқалгач ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тергов-суриштирув ишлари олиб борган.

Жумладан, Қарши шаҳридаги 32-боғчада болаларни ҳожатхонага яшириш ҳолати ва бошқа камчиликларни ўрганиш юзасидан Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қарши шаҳри бўлими текширув олиб борган.

Маълум қилинишича, 32-боғчанинг 2021 йил 1 январдан 1 ноябргача бўлган даврдаги молия-хўжалик фаолияти текширишдан ўтказилганда 80 миллион 153 минг 669 сўмлик бюджет маблағларини ўзлаштирилгани ва растрата қилингани аниқланган.

Бундан ташқари, боғча мутасаддиларида суд ҳужжатларини ижро этмаслик жинояти аломатлари кузатилган, шу сабаб боғча мудираси З.Қ. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши дастлабки тергов ҳаракатларини олиб бориш учун Қарши шаҳар прокуратурасига юборилган. Жараён бўйича қўшимча маълумотлар бериб борилади.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид