Ушбу лойиҳа доирасида Андижон вилоятидаги аҳоли хонадонларига 190 мингдан ортиқ замонавий электрон гаp ҳисоблаш ускуналари бепул равишда ўрнатиб берилди.

“Вилоятимиздаги мавжуд 221 013 та табиий газ истеъмолчининг хонадонларига “ақлли” газ ҳисоблагичлар ўрнатилиши режалаштирилган бўлиб, шундан 43 069 донаси кўп қаватли уйларда яшовчи фуқаролар хонадонларига, 177 404 дона ҳисобдон эса ҳовли-уйларга ўрнатилади.

“Ақлли” ҳисобдонлар бугунги кунда аниқ режим асосида ишламоқда. Бунда ҳар бир истеъмолчига етказиб берилган табиий газнинг ҳисоб-китоби олиб борилмоқда. Автоматик тарзда ишловчи ҳисоблагичлар истеъмолчи сарф қилган табиий газ кўрсаткичларини онлайн тарзда дастурга узатади ва бу билан инсон омилисиз сарфланган табиий газ ҳақидаги маълумотлар йиғиб борилади.

Айтиш мумкинки, электрон газ ҳисоблагичлар ўрнатилгач, табиий газнинг аниқ сарфи аён бўлмоқда. Авваллари газнинг ҳисоб-китоби аниқ бўлмаган ҳолда, хато ва камчиликлар билан юритилган. Бунда инсон омилининг мавжудлиги таъминотчи ва истеъмолчи орасида тушунмовчиликларни ҳам келтириб чиқарган. “Ақлли” ҳисоблагичлар ўрнатилгач эса ҳар бир метр куб табиий газ истеъмолининг эгаси аниқланмоқда.

Истеъмол қилинаётган табиий газни нафақат биз, яъни таъминотчи корхона, балки истеъмолчи ҳам махсус илова орқали кўриб туриши мумкин. Газ таъминоти борасида шаффофликни таъминлаш мақсадида “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан аҳоли истеъмолчилари учун янги турдаги шахсий кабинетлар жорий қилинди. Ушбу қулайликдан фойдаланиш учун қуйидаги https://cabinetaskug.hududgaz.uz/ илова орқали кириш мумкин”, – дейди “Hududgaz Andijon” газ таъминоти филиали бўлим бошлиғи Сарварбек Ҳасанов.