17:25 / 08.12.2021
11031

Маск энг охирги уйини ҳам сотди

Майдони 19 гектарга тенг ҳовли 30 миллион долларга сотилди. Маск уни 2017 йилда 23,4 миллион долларга сотиб олганди.

Фото: Getty Images

SpaceX асосчиси ва бош директори Илон Маск энг сўнгги уйини сотди ва расман уйсизга айланди, деб хабар берди Fox News.

Майдони 19 гектарга тенг ҳовли Калифорнияда, Сан-Франциско кўрфази ҳудудида жойлашган. Маск уни 30 миллион долларга сотди. Харидорнинг исми сир сақланмоқда.

Бу миллиардерга тегишли сўнгги уй бўлиб, аввалроқ у барча кўчмас мулкларини сотишга ваъда берганди. 

Guignécourt деб аталувчи кошона 1912 йилда франциялик граф Кристиан де Гинье томонидан барпо этилган. У калифорниялик аёлга уйланганидан сўнг АҚШга кўчиб келган. 

Кўчмас мулк 2013 йилда 100 миллион доллар нарх билан сотувга қўйилган, 2016 йилда унинг нархи 29,85 миллион долларга туширилган. Маск уйни 2017 йилда 23,4 миллион долларга сотиб олган.

Top