Жаҳон | 13:14 / 13.12.2021
14490
2 дақиқада ўқилади

Бу йил қайси давлат резидентлари Россияда ишлашга кўпроқ боргани маълум қилинди. Ўзбекистон рўйхатда биринчи

2021 йилда қарийб 3 млн ўзбекистонлик Россияга ишлаш мақсадида борган.

Фото: РИА Новости

2021 йилда қайси давлат резидентлари Россияга ишлаш мақсадида бошқаларга қараганда кўпроқ келгани маълум қилинди. RT хабарига кўра, федерацияда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун Ўзбекистондан энг кўп — 3 млн 54 минг 180 киши борган.

Шунингдек, Тожикистон (1 млн 597 минг 481 киши), Қирғизистон (623 минг 465 киши), Арманистон (298 минг 801 киши) ва Озарбойжондан (185 минг 752 киши) энг кўп хорижий фуқаролар ташриф буюрган.

Хабарга кўра, хорижликларнинг аксарияти Россияга саёҳат учун борган. Хусусан, Беларусдан 30 минг 526 киши, Германиядан 16 минг 369, Украинадан 15 минг 293 киши, БАА’дан 12 минг 414 киши ва Қозоғистондан 11 минг 192 киши мамлакатда бўлган.

Статистик маълумотларга кўра, малака ошириш мақсадида мамлакатга Ўзбекистон (59 минг 233 киши), Тожикистон (58 минг 964 киши), Қозоғистон (55 минг 36 киши), Туркманистон (34 минг 955 киши) ва Миср (32 минг 473 киши) резидентлари кўпроқ кириб келган.

Бундан ташқари, ушбу даврда тадбиркорлик мақсадида Хитой (11 минг 235 киши), Ўзбекистон (10 минг 389 киши), Германия (10 минг 320 киши), Беларус (10 минг 167 киши) ва Қозоғистон (9 минг 889 киши) фуқаролари ташриф буюрган.

Аввалроқ, Ташқи меҳнат миграция агентлиги томонидан январ-ноябр ойларида 91 минг 958 нафар Ўзбекистон фуқароси хорижий давлатларда ишга жойлаштирилгани маълум қилинганди. Шундан 84 минг 574 киши Россия федерациясида иш фаолиятини бошлаган.

Шунингдек, агентлик айни пайтда Россияда ишлаётган мигрантларнинг ўртача маоши тўғрисида ҳам маълумот берган. Қайд этилишича, меҳнат муҳожирларининг ўртача ойлик маоши 47 минг 100 рублни (6 млн 900 минг сўм) ташкил этади.

Исломбек Умаралиев
Тайёрлаган Исломбек Умаралиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид