17 декабрда юридик шахсларнинг электрон реестрини юритувчи orginfo.uz сайти асосчиси Бобомирзо Ҳамроқуловга нисбатан ички ишлар органи томонидан маъмурий иш очилгани юзасидан мақола эълон қилинди. Бунга Давлат статистика қўмитасининг аризаси сабаб бўлгани айтилди.

Бу жамоатчилик фаолларининг танқидларига сабаб бўлди.

Асоссиз айблов: Статистика қўмитаси ўзи эплолмаган ишни қилган сайт асосчиси устидан шикоят киритди

Ҳуқуқшунос ва блогер Хушнуд Худойбердиев дастурчига қўйилган айблов асоссизлигига эътибор қаратди.

«Статистика қўмитаси ўзи шунча йилдан буён эплолмаётган ишни қилган orginfo.uz сайти асосчиси устидан шикоят киритибди. Айблов эса асоссиз.

Бу қанақа сайт?

Интернетда orginfo.uz деган сайт бор. Унда корхона, ташкилотлар ва МЧЖлар, уларнинг таъсисчилари, директори, очилган санаси ва бошқа маълумотларни олиш мумкин. Бу сайт оддий бир дастурчи ўзбек йигити томонидан яратилган. Сайтдаги маълумотлар осмондан олинмайди, тўқиб чиқарилмайди ёки қандайдир ҳакерлик усули орқали ўғирлаб олинмайди. Шунчаки Давлат статистика қўмитасининг stat.uz сайтидаги ОЧИҚ ВА РАСМИЙ МАЪЛУМОТЛАР базасидан олади.

orginfo.uz афзаллиги нимада?

Хўш, orginfo.uz сайти шунчаки Статистика қўмитаси базасининг дубликати бўлса, унда нима муаммо? Гап шундаки, Статистика қўмитаси сайтидан маълумот қидириш жуда қийин ва ноқулай. Масалан, stat.uz сайтидан бирор МЧЖ ҳақида маълумот олиш учун унинг СТИР (ИНН) рақамини билишингиз керак. Бундан ташқари, МЧЖ таъсисчиларининг бошқа фирмаларини топиб бўлмайди. Ёки исм-шариф орқали маълумот топишнинг ҳам иложи йўқ.

orginfo.uz сайтида эса аксинча, амалдорларнинг исм-фамилияларини ёки шунчаки фирма номларини ёзган ҳолда маълумотларни осон ва қулай топиш мумкин. Бундан ташқари, бу сайт Интеллектуал мулк агентлигининг савдо белгилари бўйича очиқ базаси билан ҳам интеграция қилган. Шунчаки оддий мисол мана бу.

Муаммо нимада?

Статистика қўмитаси ўзининг қўлидан келмаган ишни қилгани учун orginfo.uz сайтидан хафа бўлган шекилли, устидан шикоят қилибди. Бунга асос қилиб, orginfo.uz сайти ҳар 10 кунда янгиланиши, бу муддат ичида айрим фирмалар маълумоти ўзгариб қолган бўлиши, бу эса икки хил маълумотни кўрган инвесторлар ва бошқаларда ишончсизлик пайдо қилишини айтишибди.