Ўзбекистон | 16:14 / 20.12.2021
6900
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда ёшлар форуми бошланди

Бу сафар форум халқаро тадбирга айланмоқда, деди Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев. Форумда ёшлар вазирлар ва муваффақиятли тенгдошлари билан учрашади.

20 декабр куни Тошкент ёшлар форумининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Форум – ўтган йили илк бор ўтказилган Тошкент ёшлар форумининг давоми сифатида ташкил этилди. Очилиш маросимида сўзга чиққан Жаҳонгир Ортиқхўжаев ёшлар форуми анъанага айланганини айтди.

“Бу халқаро тадбирга айланмоқда дейишим мумкин. Форумда Ўзбекистонда фаолият юритаётган чет эл элчилари ва ваколатхоналарининг вакиллари иштирок этмоқда. Бундан ташқари, қўшни давлатлардан ёшлар вакиллари ташриф буюрган. Икки кун давомида ўтказиладиган форум доирасида сиз ёшлар давлат бошқаруви органларининг раҳбарлари, юқори натижаларга эришган тадбиркорлар, элчилар ва хорижлик ёшлар билан очиқ мулоқотларда қатнашиш имкониятига эга бўласиз”, – деди шаҳар ҳокими.

Маълум қилинишича, жорий йил 15 мингга яқин ёшлар форумда иштирок этиш хоҳишини билдирган.

Ўтган йилги форумда эса 10 минг ёш рўйхатдан ўтганди.

Шунингдек, Жаҳонгир Ортиқхўжаев журналистлар билан учрашувда форумга ажратилган пуллар тадбирлар якунлангач эълон қилинишини билдирди. 2020 йилда Тошкент ёшлар форумига маҳаллий бюджетдан 2 млрд сўмга яқин маблағ ажратилганди. Бу умумий харажатларнинг 30 фоизини ташкил қилиши, қолгани ҳомийлар кўмагида амалга оширилгани айтилганди.

Мавзуга оид