Ўзбекистон | 07:24 / 23.12.2021
1952
2 дақиқада ўқилади

Оқолтинда 2020-2021 йилларда туман аҳолисининг 15 фоизи «Темир дафтар»га киритилган

Фото: Kun.uz

Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида 2020-2021 йиллар давомида ўтказилган ўрганишлар натижасида 1987 та оилада 8222 нафар фуқаро камбағаллик даражасида яшаётган оила сифатида аниқланиб, «Темир дафтар»га киритилган. Бу туман аҳолисининг 15 фоизини ташкил қилади. Бу ҳақда туман ҳокимлиги маълум қилди.

Халқ депутатлари туман кенгаши қарори асосида 1943 та оила (97,8 фоиз) рўйхатдан чиқарилган ва 2040 нафар меҳнатга лаёқатли фуқаро иш билан таъминланган.

Бугунги кунга келиб «Темир дафтар»га киритилган 1884 та оиланинг 1982 нафар меҳнатга лаёқатли аъзоси сектор раҳбарлари ва тегишли ташкилотлар томонидан ишга жойлаштирилди ва яшаш тарзи яхшиланиб, «Темир дафтар»дан чиқарилди.

Ҳозирги вақтда туманда «Темир дафтар»да қолган 44 та оила мавжуд бўлиб, улар асосан ногиронлиги бўлган, боқувчисини йўқотган, якка-ёлғиз кексалар ва турмуш шароити ўта оғир оилалардан иборат. Ушбу 44 та оиланинг 101 нафар аъзоси ва 4 нафар меҳнатга лаёқатли аъзосини иш билан таъминлаш ва уларнинг оилаларини «Темир дафтар»дан чиқариш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Мавзуга оид