Андижон давлат университетининг Санъатшунослик факультетида ўқиётган 6 нафар талаба Хонобод шаҳар ҳокимлигининг “Алоқа хати”га асосан шаҳар кўчаларидаги деворларни суратлар билан безатишга юборилган. Бироқ оғзаки келишув асосида иш бошлаб, 10 кун мобайнида шаҳар деворларига сурат чизиб чиққан талабалар меҳнат ҳақини икки ой ололмай, сарсон бўлишди.

6 кишилик талабалар гуруҳи ўн кун давомида шаҳарнинг марказий кўчаларидаги деворларга турли мавзудаги манзаралар акс этган суратлар чизиб, чиройли ҳолатга келтиришди. Талабаларнинг мурожаатига кўра, улар иш бошлашдан олдин ўқитувчиси Умрзоқ Рустамов гувоҳлигида шаҳар туризм ва спорт бўлими ходими Нодирбек Халилов билан ҳар бир бетон девор оралиғига чизилган тасвир учун 200 минг сўмдан ҳақ тўланишига келишган. Бироқ октябрь ойида бажарилган ишга декабр ойининг учинчи ўн кунлигига қадар ҳам пул тўланмаган.

Талабалар мутасаддига, университет раҳбарларига кўп бора мурожаат қилишган, бироқ фойдаси бўлмаган.

“Октябрь ойи ўрталарида кафедра мудиримиз Бахтиёр Ҳақбердиев топшириғи билан 6 нафар 3-курс талабалари Хонобод шаҳрига келдик. Бизни ўзини туризм ва спорт ишлари бўйича ҳоким ўринбосари деб таништирган Нодирбек ака Халилов кутиб олди. Шундан кейин кўчадаги ҳар бир бетон-девор конструкцияни 200 минг сўмдан безатиш ва сурат чизишга “договор” қилдик.

Озиқ-овқатимиз ва ётоқ жойимизни ҳам ҳокимлик таъминлайдиган бўлди. 10 кун давомида 58 та кўчадаги бетон деворларни безаб, ишни тугатдик. Жами 11,6 миллион сўмлик иш бажардик.

Октябрнинг охирида мутасаддидан иш ҳақимизни сўрадик. Нодирбек ака пулни ноябр ойининг бошларида тайёрлаб беришини айтди. Вақт ўтди, аммо пулимиз берилмади. Мутасадди “Ноябрнинг ўнинчисига пулларингизни бераман” деди. Ноябрь ойида ҳам натижа бўлмади. Декабрь ойи бошида пул керак бўлиб яна Нодирбек акага алоқага чиқдим. У “Тез кунда қилиб бераман”, дея мужмал жавоб берди.